Медведев постсовет маконида норозиликка сабаб бўлган постига муносабат билдирди
Олам
−
04 Август 2022
13838Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг “ВКонтакте” саҳифаси расмий Москвани Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари билан уриштириб қўйиш учун бузиб кирилган. Бу ҳақда Медведевнинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифаси бузиб кирилганига муносабат билдириб, айтиб ўтди.
“КХШТ, ЕОИИ ёки ШҲТдаги иттифоқчиларни қарама-қарши қўйишдан манфаатдор кўплаб душман давлатлар ва сиёсатчилар бор. Биз уларга бундай завқни бермаймиз. Мамлакатимиздаги барча ҳокимият органлари ва ҳамкорларимизнинг фаолияти шунга қаратилган”, дейди Медведев.
У саҳифасини бузганлар шу орқали Россия қасддан иттифоқчиларига жиддий сигнал юбораётгандек тасаввур уйғотишни мақсад қилганини таъкидлаган.
Хавфсизлик Кенгаши раисининг ўринбосари бу унинг ижтимоий тармоқларига хакерлик ҳужуми билан боғлиқ биринчи ҳолат эмаслигини эслатиб, ҳеч ким бундай ҳолатлардан ҳимояланмаганини қўшимча қилган.
“Бир пайтлар мен Бош вазир бўлганимда ҳам шундай ҳужумларга дуч келганман. Бу биз ҳозир гапирган ахборот урушининг кўриниши. Яна бир бор тасдиқлашим мумкин: ижтимоий тармоқ маъмурияти ва ваколатли хизматлар ўз текширувларини ўтказмоқда. Айбдорлар жазосиз қолмайди”, деган Медведев.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 август куни Медведевнинг “ВКонтакте” саҳифасида Грузия Россия таркибига қўшилиши кераклиги, Қозоғистон “сунъий давлат” экани ҳақида пост эълон қилинди ва орадан 10 дақиқа ўтиб, ўчирилди. Постда Россиянинг келгусидаги босқинчилик режалари ҳақида сўз борган.
Кейинроқ Медведевнинг вакили унинг саҳифасига бузиб кирилганини маълум қилди.
LiveБарчаси