Медиа маҳсулотларини “маънавий экспертиза”дан ўтказиш тўғрисидаги қарор бекор қилинди
Жамият
−
14 Декабрь
2916Медиа маҳсулотларини “маънавий экспертиза”дан ўтказишни жорий этиш тўғрисидаги қарор ушбу ҳужжатни қабул қилган органлар томонидан бекор қилинди ва ижродан чақириб олинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Адлия вазирлиги томонидан мазкур масала ўрганилганда унда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи умуммажбурий кучга эга бўлган ҳуқуқий нормалар белгилангани аниқланди. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ вазирлик ва идораларнинг шундай турдаги ҳуқуқий ҳужжатлари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Давлат рўйхатидан ўтказилмаган бу турдаги ҳужжатлар тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас ҳамда ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.
Шу боис, медиа маҳсулотларини “маънавий экспертиза”дан ўтказишни жорий этиш тўғрисидаги қарор ушбу ҳужжатни қабул қилган органлар томонидан бекор қилинганлиги ва ижродан чақириб олинганлиги маълум қилинди.
Шу билан бирга, Маънавият ва маърифат маркази мутахассислари томонидан турли манбаларда тарқатилган медиа маҳсулотларнинг амалдаги қонунчиликка зидлиги аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш юзасидан таҳлилий фикрлар тарзида ваколатли органларга белгиланган тартибда таклиф киритиб бориш мақсадга мувофиқлиги ҳақида тавсиялар берилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Маънавият ва маърифат маркази директори Отабек Ҳасанов эндиликда Ўзбекистонда медиа маҳсулотлар ахлоқсизликни тарғиб қилмаслиги учун “маънавий экспертиза”дан ўтказилишини маълум қилганди. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда “Маънавият экспертизаси” лойиҳаси йўлга қўйилаётгани фаол жамоатчилик вакиллари томонидан муҳокама қилинди ва айрим эътирозларга сабаб бўлди. Республика Маънавият ва маърифат маркази мазкур лойиҳа болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши ва ўсиб келаётган авлоднинг онгига зарар етказиши мумкин бўлган медиа маҳсулотлар тарқатилишини олдини олишга қаратилганини билдирди.
Маъруфалиева Моҳимбегим
LiveБарчаси