Маст ҳолда автомобиль олиб қочган судья 7 йилга қамалди
3-саҳифа
−
30 Сентябрь 12122 2 дақиқа
Аввалроқ, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди судьяси маст ҳолда автомашина олиб қочгани, бунинг ортидан эса судья лавозимидан озод қилиниб, унинг судьялик ваколати муддатидан илгари тугатилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу судья 7 йилга қамалди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Унга кўра, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан жорий йилнинг 11 сентябрь куни эълон қилинган ҳукмига мувофиқ Рустам Раҳмонов (1981 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг судьяси лавозимида ишлаган) Жиноят кодекснинг 219- (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчларини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 267- (транспорт воситасини олиб қочиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Билдирилишича, биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.
Қайд этиш жоиз, Рустам Раҳмонов 2024 йилнинг декабрь ойида Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судьяси лавозимида бўлишининг навбатдаги 10 йиллик муддатига тайинланганди.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 267-моддасида транспорт воситасини олиб қочиш бўйича жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, транспорт воситасини олиб қочган шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган. Ўша ҳаракат такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, зўрлик ишлатиб ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, транспорт воситасини талон-торож қилиш мақсадида ўғрилик ёки талончилик йўли билан содир этилган бўлса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар машинани олиб қочиш жинояти ўта хавфли рецидивист, уюшган гуруҳ томонидан транспорт воситасини талон-торож қилиш мақсадида босқинчилик йўли билан содир этилган бўлса, жиноятни содир этган шахс 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Live
Барчаси