Маск Трампни қўллаб-қувватлаш учун 200 млн доллар сарфлади – AP
Олам
−
12 Ноябрь
2454SpaceX асосчиси Илон Маскнинг сиёсий қўмитаси “America PAC” республикачилар партияси номзоди Дональд Трампни президентлик сайловлари кампаниясида қўллаб-қувватлаш учун қарийб 200 миллион доллар сарфлади. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Associated Press” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Маскнинг қўмитаси Трампни қўллаб-қувватлаш учун 200 миллион доллар сарфлаган ва бу миллиардерларнинг АҚШдаги сайловларга таъсир қилиш имкониятлари бўйича янги мезон сифатида қайд этилган. Tesla ва SpaceX раҳбари маблағларининг катта қисми асосан кам овоз берадиган ёки сайловда биринчи марта қатнашаётган фуқароларни жалб қилиш учун ажратилган. Ўз ўрнида, Трамп президентлик пойгасида Маскнинг ёрдамига юқори баҳо берган.
Нашрга кўра, Маск йиллар давомида сиёсий фаолликни ошириб, ўзининг X ижтимоий тармоғида мунтазам равишда АҚШ сиёсий масалаларига муносабат билдирган. Хусусан, у демократлар ва республикачиларни омма олдида танқид қилиб, ҳеч бир партияни қўллаб-қувватламаслигини айтган. Бироқ вақт ўтиши билан унинг қарашлари тобора ўнгга оғган ва жорий йил Маск очиқчасига республикачилар партиясини ёқлаб, Трампни қўллаб-қувватлаш учун “America PAC” сиёсий қўмитасини ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трампнинг сайловдаги ғалабасидан сўнг Tesla 1 триллион долларлик бозор капиталлашувига эришиб, Илон Маск 300 миллиард доллар бойликка эга бўлган инсонга айланган эди.
LiveБарчаси