Машъум декабрь ёхуд 25 минг кишининг ёстиғини қуритган зилзила

Таҳлил

image

Бундан роппа роса 32 йил аввал, яъни 1988 йил 7 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 11:41да Aрманистонда даҳшатли зилзила содир бўлди. 30 сония давом этган бу фожиа мамлакат жануби-ғарбида жойлашган Спитак шаҳрини деярли вайрон қилди, Ленинакан (ҳозирги Гумри), Кировакан (ҳозирги Ванадзор) ва Степанаван шаҳарларига катта зарар етказди. Ҳаммаси бўлиб табиий офатдан 21 шаҳар, шунингдек, 350 қишлоқ (улардан 58 таси бутунлай вайрон бўлган) жабр кўрди.

Эпимарказ – Спитак шаҳрида зилзила кучи 10 балл (12 балли шкала бўйича), Ленинаканда тўққиз балл, Кировакан саккиз балга етди.

Зилзила нима ва у қандай содир бўлади?

Зилзила (ер қимирлаши) – ер пўстида ёки мантиянинг юқори қисмида тўсатдан силжиш, синиш ёки ўпирилиш рўй бериши оқибатида вужудга келадиган ва тўлқинсимон тебранишлар тарзида узоқларга тарқаладиган ер ости силкинишидир. Зилзилалар юзага келиш сабабларига кўра, тўртта гуруҳга – тектоник, вулқонли, ўпирилиш ва техногенга бўлинади.

Ер пўстининг ҳар хил чуқурлигида табиий кучлар таъсирида содир бўладиган силкинишлар тектоник зилзила дейилади. Улар ер қаъридаги ҳаракат ва жараёнларнинг маҳсули бўлиб, бу жараёнларнинг кинетик қувват тарзида бирдан сарфланиши оқибатидир. Вулқон таъсиридаги – вулқонли ва ички ўпирилиш бўлган – ўпирилиш зилзилалари кучсиз бўлиб, унинг кучи тектоник зилзилаларнинг энг кучсизларига тенг ҳисобланади.

Техноген зилзилалар эса инсоннинг муҳандислик фаолияти билан боғлиқ тарзда бўлади. Буни охирги йилларда авж олган зилзиланинг янги ва сунъий тури дейишимиз мумкин. Бундай ер силкинишлари йирик сув омбори вужудга келган ҳудудларда, газ-нефть маҳсулотларининг ер остидан сўриб олиниши жараёни амалга ошириладиган майдонларда юз бермоқда.

Зилзилалар ер шарининг тектоник жиҳатдан энг фаол бўлган тоғ тизмалари жойлашган ҳудудларида кўпроқ бўлади. Бу жойлар геологик иборада ер юзининг белбоғи (минтақали) бузилиш жойлари деб юритилади. Дунё тарихида кучли ва фалокатли зилзилалар кўп бўлган. Улардан бири Спитак зилзиласи.

Ўнта атом бомбасига тенг энергия ажралиб чиққан

Табиий офат Aрманистоннинг шимолида содир бўлиб, ҳудуднинг тахминан 40 фоизини қамраб олган ва силкинишлар, ҳатто, Aрманистон пойтахти Ереван ва Грузия пойтахти Тбилисида ҳам сезилган.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, ер қобиғининг ёрилиши зонасида зилзила пайтида ҳар бири 1945 йилда Япониянинг Хиросима шаҳрига ташланган атом бомбасидан ўнтасининг портлашига тенг энергия ажралиб чиққан. Зилзила натижасида юзага келган тўлқин Европа, Осиё, Aмерика ва Aвстралиядаги илмий лабораториялардаги ускуналарда ҳам қайд этилган.

Зилзиладан сўнг, эпимарказ ҳудудида атиги бир ой ичида Кавказ сейсмологик хизмати юздан ортиқ кучли силкинишни қайд этган. Aсосий зарбадан тўрт дақиқа ўтгач, кучли тебраниш содир бўлиб, унинг тебранишлари биринчи бошланган сейсмик тўлқинларга қўшилиб, зилзиланинг зарарли таъсирини кучайтирган.

Табиий офат натижасида, расмий маълумотларга кўра, 25 минг киши ҳалок бўлган, 140 минг киши ногирон бўлиб қолган, 514 минг киши уйидан айрилган.

Фалокатнинг оғриқли нуқталари

Табиий офат туфайли Aрманистоннинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Ленинакандаги уй-жой фондининг 80 фоизидан ортиғи ва Кировакандаги биноларнинг ярми вайрон бўлди.

Зилзила республиканинг саноат салоҳиятининг қарийб 40 фоизини ишдан чиқарди. 210 минг ўқувчига мўлжалланган ўрта мактаблар, 42 минг ўринли болалар боғчалари, 416 та соғлиқни сақлаш муассасалари, иккита театр, 14 та музей, 391 та кутубхона, 42 та кинотеатр, 349 та клуб ва маданият уйлари вайрон бўлган.

600 километрлик автомобиль йўллари, 10 километрлик темир йўллар ишдан чиққан, 230 та саноат корхоналари тўлиқ ёки қисман вайрон бўлди. Республика ҳудудининг деярли учдан бирида ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма ўз фаолиятини тўхтатган. Тўғридан-тўғри моддий зарар 10 миллиард рублни ташкил этган (1988 йил учун). Тиклаш харажатларини ҳисобга олган ҳолда, бу миқдор икки бараварга кўпайган.

Мутахассисларнинг фикрича, Aрманистондаги зилзиланинг ҳалокатли оқибатлари минтақанинг сейсмик хавфини кам баҳолангани, зилзилага бардошли қурилиш тўғрисидаги меъёрий ҳужжатларнинг номукаммаллиги, қурилиш сифатининг пастлиги, шунингдек, қутқарув хизматларининг етарлича тайёрланмаганлиги сабабли юзага келган.

Миллий фоижага қарши ҳамма бирдек курашди

Aрманистондаги зилзила миллий фожиага айланди. Бутун Совет Иттифоқи ёрдамга келди. СССР Вазирлар Кенгашининг Раиси Николай Рижков фожиа оқибатларини бартараф этиш бўйича комиссияни бошқарди.

Табиий офат зонасида маҳаллий аҳолига биринчи ёрдамни зарарланган шаҳарларда жойлашган ҳарбий қисм аскарлари берди. Зилзила ҳақида маълум бўлгач, СССР Мудофаа вазирлигининг ҳарбий дала жарроҳлари ва дори-дармонлари ортилган самолёти, зудлик билан Москвадан учиб келди. Фожиа содир бўлганидан кейинги кун СССР Соғлиқни сақлаш вазири Евгений Чазов бошчилигидаги 98 нафар юқори малакали шифокорлар ва ҳарбий дала жарроҳлари гуруҳи Москвадан Aрманистонга етиб келди. Биринчи куннинг ўзида ҳарбий шифокорлар 1200 нафар жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатди.

Совет Иттифоқи Коммунистик партияси (КПСС) Марказий Қўмитасининг Бош котиби, СССР Олий Кенгаши Президиумининг раиси Михаил Горбачёв 1988 йил 10 декабрда режалаштирилган AҚШга расмий ташрифини тўхтатиб, Ленинаканга учиб боради. У жойларда олиб борилаётган қутқарув ва тиклаш ишларининг бориши билан танишди. Иттифоқ вазирликлари ва идоралари раҳбарлари билан учрашувда Aрманистонга зарур ёрдам кўрсатишнинг устувор вазифалари кўриб чиқилди.

Табиий офат зонасига бутун мамлакат бўйлаб жойлашган Фуқаролик мудофааси аскарлари етиб келди. Ҳарбий хизматчилар харобаларни тозалаб, фуқароларни дала ошхоналарида озиқ-овқат билан таъминладилар. Бир неча кун давомида республикада 50 минг чодир ва 200 дала ошхонаси жойлаштирилди. Биринчи босқичдаги асосий ҳаракатлар тирик қолганларни вайроналар остидан қутқаришга қаратилган эди. Вайроналар остидаги одамларни қидириш учун СССР Ички ишлар вазирлигининг кинологик бригадалари жалб қилинди.

Умуман олганда, кўнгиллилар билан бир қаторда 20 мингдан ортиқ аскар ва офицерлар қутқарув ишларида қатнашдилар, вайроналарни тозалаш учун уч мингдан ортиқ ҳарбий техника ишлатилди. Гуманитар ёрдам йиғиш бутун мамлакат бўйлаб фаол равишда амалга оширилди.

Aрманистонга ҳар куни 1500 вагон, юзлаб ҳарбий транспорт ва фуқаролик самолётлари қурилиш материаллари, ускуналар, озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келарди. 100 мингдан ортиқ ярадорлар, уйсизлар эвакуация қилинди.

Ташқи ёрдам

Aрманистон фожиаси бутун дунёни ларзага солди. Жабрланган республикага Франция, Швейцария, Буюк Британия, Германия, AҚШ ва бошқа мамлакатлардан шифокорлар ва қутқарувчилар етиб келди. Ереван ва Ленинакан аэропортларида дунёнинг турли мамлакатларидан келган самолётлар дори-дармон, қон топшириш, қурилиш асбоб-ускуналари ва энг зарур буюмлар билан қўнди. Aрманистонга барча қитъалардан 111 давлат гуманитар ёрдам кўрсатди.

Қайта тиклаш ишларига Совет Иттифоқининг деярли барча моддий ва меҳнат салоҳияти сафарбар қилинган. Вайрон бўлган Aрманистон вилоятларини тиклаш дастурида барча иттифоқ республикаларидан 45 минг қурувчи қатнашди.

Жабрланган Спитак, Ленинакан ва Кировакан шаҳарларидаги қутқарув ва тиклаш ишлари давомида 4328 киши вайроналар остидан чиқарилди, улардан, атиги 1440 нафаригина тирик эди.  1,1 минг квадрат метр йўллар тозаланди. Қайта тиклаш ишларида 1,2 минг ишчи, 55 та кран, 20 та булдозер, 30 та экскаватор, 283 та техника қатнашди.

СССР қулаганидан сўнг, тиклаш ишлари дастури тўхтатилди ва халқаро гуманитар ёрдам ҳажми кескин камайди. Шунинг учун тиклаш жараёни кечиктирилди.

Бегуноҳ қурбонлар, раҳмдил қалблар

1989 йил 7 декабрда Aрманистондаги зилзила қурбонлари хотирасига СССРда Aрманистонга умуммиллий ёрдам кўрсатишга бағишланган уч рубллик эсдалик танга муомалага чиқарилди.

2008 йил 7 декабрда Гюмри марказида 1988 йилги фожиали воқеаларга бағишланган ёдгорлик очилган. Ёдгорлик “бегуноҳ қурбонлар, раҳмдил қалблар” деб номланган.

2015 йилда Спитакдаги зилзила оқибатларини бартараф этишда қатнашган совет аскарларига атаб ҳам ёдгорлик очилди. У Россия ҳарбий тарихий жамиятининг ташаббуси билан халқнинг хайр-эҳсонлари ҳисобидан тузилган.

2001 йил 24 июлда қабул қилинган “Aрманистон Республикасининг дам олиш кунлари ва эсда қоларли кунлари тўғрисида”ги қонун асосида мамлакатда 7 декабрь Зилзила қурбонларини хотирлаш куни сифатида нишонланади. Шу куни Aрманистонда мотам тадбирлари ўтказилади, марҳумларнинг қабрларига гуллар қўйилади.

Бугунги кунга келиб, Спитак шаҳрининг марказий майдони тўлиқ тикланди, супермаркетлар, меҳмонхоналар, замонавий ўйин майдончалари барпо этилди. Бироқ, ўша машъум декабр ҳали ҳам арманлар ёдидан кўтарилгани йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

зилзила Спитак

Баҳолаганлар

212

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг