Вануатуда 7,3 магнитудали зилзила содир бўлди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
17 Декабрь
3932Тинч океанида жойлашган Вануату давлати қирғоқларида 7,3 магнитудали зилзила содир бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
АҚШ Геологик хизмати маълумотларига кўра, зилзила манбаи 57,1 км чуқурликда бўлган. Бунинг оқибатида 6 киши ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, цунами ҳақида олдинроқ огоҳлантириш эълон қилинган, аммо кейин барча огоҳлантиришлар бекор қилинган. Ер силкинишлари пойтахтдан 30 км ғарбда қайд этилган. Шундан сўнг, 5,5 магнитудали зилзила содир бўлган.
Маълум қилинишича, зилзила электр таъминотида узилишларга олиб келган, транспорт воситаларига зарар етказган ва кўплаб бинолар, жумладан Порт-Вилладаги дипломатик мажмуага зарар етказган. У ерда Ғарб давлатларининг, жумладан АҚШ, Буюк Британия ва Франциянинг элчихоналари жойлашган. Биринчи қаватнинг бир қисми қисман қулаб тушган, бинонинг бир нечта ойналари ҳам синган.
"Порт Виладаги АҚШ элчихонаси жиддий зарар кўрди ва маълум муддатга ёпилди", дейилади хабарда.
“Reuters”га кўра, Порт-Вилладаги халқаро юк ташиш терминали яқинида кўчки содир бўлиб, унга киришни тўсиб қўйган.
Маълумот учун, Вануату 80 та оролдан иборат минтақада жойлашган Тинч океанидаги давлатдир. Унинг аҳолиси 334 минг кишидан ошади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШдаги Шимолий Калифорния соҳилларида 7 магнитудали зилзила юз берганди.