Масъулиятдан қўрқсангиз лавозимингизни бўшатиб қўйинг – Жапаров мулозимларга
World
−
30 June 5876 2 minutes
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров давлат ва муниципал хизматчилар фаолиятини кескин танқид қилиб, масъулиятни ўз зиммасига олишдан ва қарор қабул қилишдан қўрқадиган раҳбарлар ўз лавозимларини ишлашга тайёр бўлганларга бўшатиб беришлари кераклигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 30 июнь куни Президентнинг вилоятлардаги мухтор вакиллари, Бишкек ва Ўш шаҳарлари мэрлари, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот ва суд органлари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган республика кенгашида сўз очди.
“Агар сиз масъулиятни ўз зиммангизга олишдан ёки қарор қабул қилишдан қўрқсангиз, унда лавозимларингизни буни қилишга тайёр бўлганларга бўшатиб беришингиз керак”, дейди Жапаров.
У мулозимлар фақат ҳудудлар ривожланишининг умумий кўрсаткичлари билан ҳисобот беришни тўхтатиб, аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилишга эътибор қаратишлари лозимлигини қайд этган.
“Бундан буён вилоятнинг фақат умумий ютуқлари билан мақтаниш керак эмас. Фақат жойлардаги кўп йиллик муаммолар ҳал этилгани, ҳудуд ривожланаётгани, аҳоли ҳокимиятни қўллаб-қувватлаётгани ва унинг ишидан рози эканлиги билангина фахрланиш керак”, дейди у.
Қирғизистон раҳбарининг сўзларига кўра, фуқароларнинг талаблари ҳаддан ташқари юқори эмас.
“Ҳеч ким осмондаги юлдузни олиб беришни талаб қилаётгани йўқ. Оддий одамлар фақат бир нарсани – қонун ишлашини, давлат хизматчилари эса масъулият билан, тўғри, аниқ ва ўз вақтида ҳаракат қилишини хоҳлайди”, дейди Қирғизистон Президенти.
У фуқаролар ҳокимиятдан қонуний, адолатли ва ўз вақтида қабул қилинган қарорларни кутаётганини, давлат хизматининг бош вазифаси ҳам айнан шундан иборат бўлиши кераклигини қайд этган.
“Агар ҳар бирингиз ушбу тамойилга амал қилсангиз, халқнинг давлатга бўлган ишончи янада мустаҳкамланади”, дейди Садир Жапаров.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Садир Жапаров яқинлари, хусусан кичик ўғли Нурдавлатнинг давлат иши, умуман, сиёсат билан шуғулланмаслигини айтган эди.
Live
All