Маршал Дўстумнинг толибларга қарши жангда яраланиб, Афғонистонни тарк этгани айтилмоқда
Олам
−
21 Июнь 2021
56023Маршал Абдул Рашид Дўстумнинг базаларидан бири жойлашган Фарёб вилоятининг маъмурий маркази Майманадан келган хабарларга кўра, ўзбек генерели Афғонистонни ҳарбий вертолётда тарк этди. Бу ҳақда “Спутник” ёзмоқда.
Хабарга кўра, маршалнинг нега Афғонистонни тарк этгани бўйича аниқ маълумот мавжуд эмас. Тахмин қилинишича, Абдул Рашид Дўстум қандли диабет хасталиги туфайли коронавирусдан қийналиб, профессионал даволанишга эҳтиёж сезган ва шу туфайли афғонни тарк этган. Бошқа тахмин ҳам мавжуд. Унга кўра, маршал Дўстум толибларга қарши жангда яраланган.
Нашрнинг ёзишича, маршалнинг қариндошлари Афғонистон Мудофаа вазирлиги томонидан у вертолётда Тошкентга, у ердан эса Туркияга олиб кетилганини тасдиқлаган.
Бироқ, Афғонистон Ижтимоий ишлар вазири ва маршалнинг яқин дўсти Башир Аҳмад Таянжнинг айтишича, Дўстум Анталиядаги Дипломатик форумда қатнашиш учун Туркияга учиб кетган.
“Бундай миш-мишлар зарарли. Менинг билишимча, маршал Дўстум расмий равишда [Афғонистоннинг] Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла, Ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар ва Ислом жамияти раиси Салоҳуддин Раббоний билан бирга [Анталиядаги] тадбирга таклиф қилинган”, дейди афғонистонлик сиёсатчи.
Туркияда бўлаётган форумнинг расмий веб-сайтида хабар қилинишича, тадбир 18 июнь куни Анталияда 50 дан ортиқ давлат раҳбарлари, Бош вазирлар, Ташқи ишлар вазирлари ва минтақавий ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, экспертлар, шунингдек ишбилармон доиралар иштирокида бошланган.
Бироқ, ушбу форум иштирокчилари рўйхатида Маршал Дўстумнинг исми йўқ.
Маршал Абдул Рашид Дўстум — Афғонистон Миллий Исломий Ҳаракатининг етакчиси, этник ўзбек, Афғонистондаги ўзбек ва туркман диаспораларининг раҳбари, замонавий афғон сиёсатининг энг нуфузли шахсларидан бири.
Фаоллашиб қолган “Толибон”
Сўнгги бир ой ичида у “Толибон” кучлари билан тўғридан-тўғри Фарёб, Жузжон ва Сари-Пул ҳудудларида кураш олиб борганди.
Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида “Толибон” ҳаракати Афғонистон шимолидаги Фарёб провинциясининг Давлат Обод, Қайсар ва Гҳор провинциясининг Шаҳрек ҳамда Урузган провинциясининг Гизоб туманларини қўлга киритган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.
Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.
LiveБарчаси