Марказий Осиёга халқаро террорчилик ташкилотларининг гуруҳлари кириб келиши эҳтимоли ортмоқда – Сергей Шойгу
Жамият
−
29 Апрель 2023
14901Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу 28 апрель куни Ҳиндистон пойтахтида ўтказилган ШҲТга аъзо давлатларнинг Мудофаа вазирлари йиғилишида Марказий Осиёда вазият кескинлашиши мумкинлигига шаъма қилди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Қайд этилишича, у Афғонистонда мустаҳкамланган радикал экстремистик гуруҳларнинг ҳаракати кучайганини таъкидлаган.
"Марказий Осиё минтақасидаги вазият янада кескинлашиши учун зарур шароитлар мавжуд. Шу билан бирга, асосий таҳдид Афғонистон ҳудудида мустаҳкамланган кўплаб радикал экстремистик гуруҳлардан келиб чиқади, улар қўшни республикаларда ўз ғояларини илгари суриш бўйича ҳаракатларни кучайтирдилар”, дейди у.
Унинг айтишича, минтақага “Ал-Қоида”, ИШИД, “Ўзбекистон ислом ҳаракати”, “Шарқий Туркистон ислом ҳаракати” каби халқаро террорчилик ташкилотларининг гуруҳлари кириб келиши эҳтимоли ортмоқда.
“Бу биздан терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича аниқ мувофиқлаштириш ва саъй-ҳаракатларни кучайтиришни, минтақадаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишни талаб қилади”, деган Шойгу ўзининг йиғилишдаги нутқида.
Шунингдек, Россия Мудофаа вазири халқаро ва минтақавий ёрдам бўлмаса, Афғонистон қийинчиликларни якка ўзи ҳал қилишга қийналишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти девони раиси Андрей Ермак Марказий Осиё давлатларига мурожаат йўллаганди. Жумладан, унда Россиянинг Афғонистон бўйича сиёсатига ҳам тўхталиб ўтилган. Ермак, мурожаатида гарчи “Толибон” Россияда террорчи ташкилот сифатида кўрилса ҳам мамлакат у билан яқин муносабатлар ўрнатганини ёзганди.
“Бугунги кунда кўпчилик бундай конвергенцияни барқарорлаштирувчи омил сифатида кўриб чиқишга мойил. Аммо кейин нима бўлади? Кремлнинг радикал ҳаракатлардан фойдаланишининг узоқ тарихини ҳисобга олсак, бу саволга жавоб бериш осон. “Арзонроқ” империя қуришга уриниб, Президент Владимир Путин давридаги Россия қайта-қайта рэкет стратегиясига мурожаат қилади: Кремль муаммо яратишга интилади ва кейин уни ҳал қилиш учун ўзининг (сукут бўйича - муқобили бўлмаган ва жуда қиммат) хизматларини таклиф қилади”, деган эди у.
LiveБарчаси