Марказий Осиёдаги ифлос ҳаво кўрсаткичи ЖССТ меъёрларидан анча юқори – ҳисобот
Бу қизиқ
−
12 Март
29282024 йилги маълумотларга кўра, Марказий Осиё минтақасидаги йирик шаҳарларда PM2.5 даражаси ЖССТ тавсияларидан анча юқори. Бу ҳақда Швейцариянинг IQAir компанияси томонидан тайёрланган ҳисоботда сўз боради.
Ҳисобот глобал ҳавонинг ҳолати бўйича ташвишли манзарани акс эттиради: дунё бўйлаб атиги 17 фоиз шаҳарлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) ҳаво сифати бўйича тавсияларига жавоб беради.
Ҳисоботда дунёнинг аксарият мамлакатлари ва ҳудудларида майда дисперс заррачалар – PM2.5 нинг хавфсиз даражадан ошиб кетгани таъкидланади. Ушбу моддалар соғлиқ учун жиддий муаммоларга сабаб бўлувчи асосий ифлослантирувчи ҳисобланади.
Ҳавонинг ифлосланиши бўйича етакчи давлатлар қуйидагилар бўлди:
- Чад – PM2.5 даражаси 91,8 микрограм/м³. Бу ЖССТ тавсияларидан 18 баравар юқори.
- Бангладеш – 78 микрограм/м³;
- Покистон – 73,7 микрограм/м³;
- Конго Демократик Республикаси – 58,2 микрограм/м³;
- Ҳиндистон – 50,6 микрограм/м³.
Ушбу давлатларда PM2.5 миқдори ЖССТ тавсияларидан 10 баравар юқори. Умуман олганда, ҳисоботда қамраб олинган 138 та мамлакат ва ҳудуднинг 126 тасида (яъни 91,3 фоиз) PM2.5 миқдори ЖССТ томонидан тавсия этилган 5 микрограм/м³ чегарасидан юқори бўлиб чиққан.
Шунингдек, 2024-йилги маълумотларга кўра, Марказий Осиё минтақасидаги йирик шаҳарларда ҳам PM2.5 даражаси ЖССТ тавсияларидан анча юқори:
- Душанбе – 46,3 микрограм/м³;
- Тошкент – 31,4 микрограм/м³;
- Бишкек – 21,2 микрограм/м³;
- Ўш – 20,5 микрограм/м³;
- Олмаота – 20,3 микрограм/м³;
- Остона – 15,4 микрограм/м³.
Ҳатто нисбатан пастроқ кўрсаткичга эга бўлган Остонада ҳам PM2.5 миқдори ЖССТ тавсияларидан уч баравар юқори экани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги элчихоналардаги ҳаво сифати мониторинги дастури орқали йиғилган маълумотларни “AirNow” иловаси ва бошқа платформалар орқали тарқатишни тўхтатган эди. Ушбу дастур бутун дунё бўйлаб маҳаллий аҳоли ва тадқиқотчиларга турли шаҳарлардаги ҳаво сифатини таҳлил қилиш ва таққослаш имконини берарди. Расмий баёнотга кўра, глобал ҳаво сифати мониторинги дастурининг тўхтатилиши молиявий чекловлар билан боғлиқ ва шу сабабли Давлат департаменти мониторинг тармоғини ёпишга мажбур бўлган. Бироқ элчихоналар ва консулликларга ички мониторингни давом эттириш бўйича кўрсатма берилган ва келажакда маблағ тикланса, маълумотлар алмашинуви қайта тикланиши мумкин.
LiveБарчаси