Марказий Осиёда болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун қандай жазо берилади?
Бу қизиқ
−
11:09 880 4 дақиқа
Жорий йилнинг 14 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун умрбод қамоқ жазосини назарда тутувчи қонунни имзолади. Марказий Осиё мамлакатларида бундай жиноятлар учун қандай жавобгарлик чоралари кўзда тутилган?
14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан куч ишлатиб содир этилган жинсий жиноятлар
Ўзбекистон: 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланади. Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноят содир этганларга шартли ҳукм қўлланилмайди. Шунингдек, бундай жиноятлар учун жазони муддатидан илгари шартли озод қилиш имконияти ҳам чекланади.
Қозоғистон: Умрбод озодликдан маҳрум қилиш.
Қирғизистон: 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси.
Тожикистон: 14 ёшга тўлмаган қизни зўрлаганлик учун 12 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси. Жиноят кодекси санкциясида ўлим жазоси тилга олинган, аммо уни қўллаш мораторий билан тўхтатилган. Жинсий хусусиятга эга мажбурлов ҳаракатлари учун 20 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси.
Туркманистон: 14 ёшга тўлмаган қизни зўрлаганлик учун – 10 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш. Ушбу ёшдаги ўғил болага нисбатан мажбурий баччабозлик учун – 10 йилдан 20 йилгача. Жинсий эҳтиёжни бузуқ шаклларда мажбурий қондирганлик учун – 10 йилдан 20 йилгача.
14-17 ёшли ўсмирларга нисбатан куч ишлатиб содир этилган жинсий жиноятлар
Ўзбекистон: 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш. Шунингдек, бундай жиноятлар учун жазони муддатидан илгари шартли озод қилиш имконияти ҳам чекланади.
Қозоғистон: 15 йилдан 17 йилгача озодликдан маҳрум қилиш. Агар жиноят икки ёки ундан ортиқ вояга етмаганга нисбатан содир этилган бўлса ёки қонунда назарда тутилган ҳолларда ота-она, ўгай ота, педагог ёки болани тарбиялаши шарт бўлган бошқа шахс томонидан содир этилса, жазо 17 йилдан 20 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш бўлиши мумкин.
Қирғизистон: 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси.
Тожикистон: 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилиш. Бошқа оғирлаштирувчи ҳолатларда жазо янада оғирроқ бўлиши мумкин.
Туркманистон: Вояга етмагани аниқ бўлган қизни зўрлаганлик учун – 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш. Вояга етмаганга нисбатан мажбурий баччабозлик учун – 5 йилдан 10 йилгача.
16 ёшга тўлмаган шахс билан зўравонлик аломатларисиз содир этилган жинсий ҳаракатлар
Ўзбекистон: 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш. Моддий қимматликлар ёки бошқа манфаатлар бериш орқали содир этилган бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш. Такроран, яқин қариндошга нисбатан ёки жабрланувчини тарбиялаш, ўқитиш ёки васийлик қилиш мажбурияти бўлган шахс томонидан содир этилган бўлса, 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Қозоғистон: 5 йилгача озодликни чеклаш ёки шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилиш. Жиноят ота-она, ўгай ота, ўгай она, педагог ёки болани тарбиялаши шарт бўлган бошқа шахс томонидан содир этилган бўлса, 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш. Такроран ёки икки ва ундан ортиқ шахсга нисбатан содир этилганда 12 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Қирғизистон: 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Тожикистон: 2 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилиш. Такроран, хизмат мавқеидан фойдаланиб, касаллик юқтиришга олиб келган бўлса ёки ота-она, педагог ёки болани ўқитиши ва тарбиялаши шарт бўлган бошқа шахс томонидан содир этилган бўлса, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш. ОИВ юқтирилганда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Туркманистон: Белгиланган базавий миқдорнинг 10 бараваридан 30 бараваригача жарима, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
16 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан қилинган уятсиз ҳаракатлар
Ўзбекистон: 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш. Агар жабрланувчи 14 ёшга тўлмаган бўлса ёки бошқа оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлса, 3 йилдан 5 йилгача.
Қозоғистон: 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилиш.
Қирғизистон: 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Тожикистон: 2 йилгача озодликни чеклаш ёки шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш. Муайян оғирлаштирувчи ҳолатларда – 5 йилдан 8 йилгача.
Туркманистон: 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь