Марказий Осиё минтақаси хаосга дуч келиш хавфи бор – экологлар

Олам

image

Афғонистондаги муваққат ҳукумат – “Толибон” томонидан қурилаётган Қўштепа каналининг фойдаланишга топширилиши Амударё ҳавзасидаги барча мамлакатларнинг сув таъминотига ҳақиқий зарба бўлади. Бу ҳақда “Чегарасиз дарёлар” халқаро экологик коалицияси маълум қилди.

Коалиция мутахассислари сунъий йўлдошдан олинган сўнгги суратларни таҳлил қилиб, яқинда Афғонистон ҳукумати томонидан эълон қилинган Қўштепа канали қурилиши бўйича ишлар қайта бошланганини тасдиқлади.

Сўнгги бир ой ичида каналнинг кўринадиган йўналиши 30 км узунроққа кўпайди ва кейинги ички дарё дельтасига етиб борди. Узунлиги 108 км бўлган каналнинг биринчи босқичи ниҳоясига етганини инобатга олсак, яқинда Қўштепанинг ярми қуриб битказилади.

177 км канал қурган “Толибон” 550 минг гектар ерни суғориш учун ёрдамчи каналлар қазишни режалаштирган.

“Қўштепа канали қуриб битказилгандан сўнг Афғонистондаги қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун Амударё сув оқимининг қарийб 20 фоизини олиши мумкин бўлади. Унинг Амударёнинг ёзги кам сувига таъсири Тожикистонда юқори оқимда қурилаётган Роғун ГEСи оқимининг қайта тақсимланиши туфайли ёмонлашади. Албатта, бу Амударё ҳавзасидаги барча мамлакатларнинг сув таъминоти учун ҳақиқий зарба бўлади”, дейди “Чегара билмас дарёлар” коалициясининг халқаро координатори Евгений Симонов.

“Чегара билмас дарёлар” ташкилотининг минтақавий директори Александр Колотовнинг сўзларига кўра, ҳозирда Афғонистонни Марказий Осиё давлатлари ўртасида сув олиш квоталари бўйича келишувлар доирасига қўшиш йўлларини излаш керак, акс ҳолда минтақа хаосга дуч келиш хавфи бор.

Мутахассисларнинг фикрича, Қўштепа ҳам Амударёдан сувни буриш орқали Орол ҳалокатини янада кучайтиради.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон делегацияси Қобулга ташрифи чоғида Афғонистоннинг шимолий вилоятларига сув оқимини йўналтириш режасидан хавотир билдирган. “Толибон” бунга жавобан эса Қобул ҳам қўшнилари каби сувдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги ва уч давлат ўртасида бу бўйича расмий келишувлар йўқлигини билдирган.

Ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Қўштепа канали қурилиши юзасидан ўз хавотирларини билдирган эди. Давлат раҳбари унинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сув балансини тубдан ўзгартириши мумкинлигини айтган эди. “Толибон”нинг энергетика ва сув вазири вазифасини бажарувчи Абдул Латиф Мансур эса қўшни давлатлар билан Амударё сувидан фойдаланиш муаммосини муҳокама қилишга тайёрлигини, бироқ Афғонистоннинг ҳеч ким билан сув бўйича шартномаси йўқлигини билдирган.

Дарвоқе Афғонистон трансчегаравий дарёлар ва кўлларни бошқариш учун асос бўлиб хизмат қилувчи Трансчегаравий сувларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги 1992 йилги конвенциянинг иштирокчиси эмас. Афғонистоннинг ушбу конвенцияга қўшилмагани, минтақада сувдан фойдаланиш жараёнларини тартибга солувчи барқарор ҳуқуқий механизмларнинг йўқлиги Марказий Осиёда вазиятни мураккаблаштирмоқда.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон Қўштепа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг