Марказий Осиё – Германия бизнеси учун катта имкониятлар минтақаси – Мирзиёев

Жамият

image

Бугун, 29 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси томонидан ташкил этилган иқтисодий форумда Марказий Осиё – Германия бизнеси учун катта имкониятлар минтақаси эканини айди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Қайд этилишича, форумда сўз олган Ўзбекистон етакчиси бир неча йил ичида минтақа мамлакатлари кўплаб жиддий масалаларни ҳал этишга муваффақ бўлгани, чегаралар очилгани, савдо ва транспорт алоқалари, гуманитар алмашинувлар тикланганини қайд этган. 

Мирзиёев, шунингдек, автомобилсозлик, энергетика, электротехника, тўқимачилик, кимё ва фармацевтика тармоқларида, қишлоқ хўжалигида муҳим кооперация лойиҳаларини амалга оширилаётганини ҳам қўшимча қилган. Давлат раҳбари чегарадош ҳудудларда ҳамкорлик марказлари ва тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари яратилаётганига алоҳида тўхталган. 

“Мен ва барча ҳамкасбларим учун энг аввало Марказий Осиёнинг тинчлиги ва осойишталиги, барқарорлиги ва изчил тараққиёти муҳим. Шундай шароитлардагина минтақамиз хорижий ҳамкор ва инвесторлар учун жозибадор бўлади”, деган Президент.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонда Германия етакчи ишлаб чиқарувчиларининг юқори саноат технологиялари бўйича Марказий Осиё кўргазмасини ўтказиш таклифини билдирган.

Давлат раҳбари форум доирасида минтақа даражасида “яшил” иқтисодиёт лойиҳаларини амалга ошириш учун Германия муҳандислик-лойиҳалаштириш марказлари ва саноат холдинглари билан ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф қилган. 

Президент малакали мутахассисларни тайёрлаш борасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш кўп қиррали Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигини ривожлантиришнинг муҳим йўналиши эканини қайд этган.

“Марказий Осиё – Германия бизнеси учун катта имкониятлар минтақаси”, деган Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Германияга жўнаб кетганди. Шу куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Германияга расмий ташриф билан борган. У ерда федерал канцлер Олаф Шольц билан тет-а-тет форматида музокаралар олиб борган эди


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Шавкат Мирзиёев иқтисодий форум Марказий Осиё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг