“Марказий Осиё эмас, Туркистон”. Туркиядаги дарсликларда минтақа номи ўзгарди
Олам
−
09 Октябрь
13560Туркияда янги ўқув дастурида тарих фани дарсликларида ўзгаришлар юз берди ва “Марказий Осиё” ўрнига “Туркистон” тушунчаси қўлланила бошланди. Бу ҳақда Туркия Миллий таълим вазирлигига таяниб, TRT Haber хабар берди.
Миллий таълим вазирлиги 2024-2025 ўқув йилида мактабгача, бошланғич мактаб, ўрта мактаб, лицейга тайёргарлик ва 9-синф даражаларида татбиқ этиладиган "Туркия Аср Таълим Модели" ҳақида тақвим чоп этди. Таълим вазирлиги “Тарих” сабоқларида туб ўзгаришлар сарлавҳаси остида янги ўқув дастуридаги атама ва тушунчалардан фойдаланиш билан ўртоқлашди.
Билдирилишича, дастурларда анахронистик ва илмий нотўғри атама ва тушунчалардан фойдаланишдан воз кечилган. Шу нуқтаи назардан, дастурларга “Марказий Осиё” ўрнига “Туркистон”, “Депортация қонуни” ўрнига “Кўчириш ва жойлаштириш қонуни” каби атама ва тушунчалар киритилган.
“Ҳар бир тушунчанинг ўзига хос маъноси борлиги келажак авлод онгини туркий онг, миллий онг ва ватанпарварлик туйғулари билан юксалтириш, тарихимизга мурожаат қилишда муҳим масаладир”, дейди тарихчи доцент Рамин Содиқ.
Бошқа бир тарихчи профессор Аҳмад Тасагилнинг айтишича, Туркистон номи дастлаб қадимги эронийлар, кейинроқ араблар томонидан Ўрта Осиёда турклар яшаган ҳудудларни ифодалаш учун ишлатилган. XV асрда ёзилган Темурнинг юришлари ҳақидаги асарларда Туркистон туркийларнинг Мовароуннаҳрдан ташқарида яшаган мамлакатларини кўрсатган. Аммо Каспий денгизининг шимолидаги ҳудудларни Ибн Фадлоннинг “Саёҳатнома”сида “Билодюът-Турк”, Аҳмад Тусий ва бошқа форс ёзувчилари “Туркистон” деб келтирилган. Баъзи Ғарб манбаларида 580-йилларда Ўрта Осиё учун “Туркҳия” номи келтирилган.
LiveБарчаси