Марказий Осиё давлатлари терроризмга қарши АҚШ ёрдамида курашмоқчи
Олам
−
28 Февраль 2023
6373Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар идоралари раҳбарлари ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен бугун, 28 февраль куни Остонада бўлиб ўтган C5+1 форматидаги учрашувда терроризмга қарши кураш ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди Блинкен билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“C5+1 механизми Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишга кўмаклашиш учун самарали минтақавий дипломатик платформа сифатида ўзини намоён қилди. Тадбир давомида озиқ-овқат хавфсизлиги, терроризмга қарши кураш, энергетика ва экология соҳасидаги ҳамкорлик каби кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди”, дейди Тлеуберди.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон АҚШнинг Марказий Осиё минтақаси билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга содиқлигини юқори баҳолайди.
“Мамлакатимиз ўзининг дипломатик устуворликларига мувофиқ кўп векторли ва мувозанатли ташқи сиёсатини давом эттирмоқда. Марказий Осиё ва АҚШ бизнинг асосий ҳамкорларимиз бўлиб қолмоқда. Бу C5+1 форматини мезбон сифатида биз учун минтақавий ҳамкорликнинг тегишли механизмига айлантиради”, дейди у.
Блинкеннинг Марказий Осиёга ташрифи
Кеча, 27 февраль куни кечқурун АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен илк расмий ташриф билан Қозоғистонга келди. Бугун, 28 февраль куни у Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қабулида бўлди. Учрашув чоғида республика раҳбари АҚШ билан стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини айтди.
Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ Ташқи ишлар идоралари раҳбарлари 28 февраль куни Қозоғистон пойтахти Остонада C5+1 форматида энергетика, иқтисодиёт ва терроризмга қарши кураш масалалари, шунингдек, халқаро муаммолар, жумладан, Украина атрофида вазиятни муҳокама қилди.
C5+1 формати Марказий Осиёнинг бешта давлати (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) ва АҚШ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг кўп томонлама механизми ҳисобланади. У 2015 йилда иқтисодиёт, экология ва хавфсизлик соҳаларидаги минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш учун ташкил этилган.
Блинкен 1 март куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажараётган Бахтиёр Саидов билан музокаралар ўтказади. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлади. У 1 март куни Нью-Деҳлига жўнаб кетади.
LiveБарчаси
26 Ноябрь