Марказий Осиё давлатлари Россиядаги мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қила оляптими?
Таҳлил
−
16 Август 2023
5494Миграция сиёсати ва тараққиёти халқаро маркази ҳисоботига кўра, Россияга ҳар йили Марказий Осиё давлатларидан – асосан Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан 3,5-4 миллионга яқин меҳнат муҳожири боради. Олиб борилган тадқиқот натижаларида бунга асосий сабаб сифатида мазкур давлатларда ёшлар ўртасидаги ишсизликнинг юқори даражаси, минтақа ичидаги можаролар, шунингдек, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари кўрсатилган. Тожикистон ва Қирғизистон, айниқса, Россия Федерациясида ишлаётган меҳнат муҳожирларига қарам бўлиб, бундай мигрантларнинг пул ўтказмалари ялпи ички маҳсулотнинг мос равишда 32,1 ва 31,3 фоизини ташкил қилади. У ердаги пул ўтказмалари кўплаб оилалар учун молиявий барқарорликни таъминлайди ва қашшоқликдан халос бўлишга ҳисса қўшади. Бу ҳақдаги маълумотлар “Deutsche Welle” нашрида эълон қилинган мақолада келтирилган.
Марказий Осиёдан келган муҳожирлар Россияда қандай муаммоларга дуч келмоқда?
Халқаро Меҳнат Ташкилоти маълумотларига кўра, Россия Федерациясида Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари кўп ҳолларда норасмий секторда банд, яъни улар ноқонуний тарзда ишлайди.
Оқибатда ишчилар, айниқса, иш берувчилар, воситачилар ва давлат амалдорлари томонидан юзага келиши мумкин бўлган эксплуатация ва ҳуқуқларининг бузилиши хавфига дучор бўлади.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мигрантларнинг катта қисми меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини бузиш, шу жумладан, уни тўлашдан бош тортиш ёки кечиктириш муаммоларига дуч келмоқда.
Масалан, 2023 йил бошида Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлигининг Россиядаги ваколатхонасига россиялик иш берувчилар Қирғизистондан келган меҳнат муҳожирларига иш ҳақи тўламаётгани билан боғлиқ 245 та мурожаат келиб тушган.
Айтилишича, Россия Федерациясида ишлаётган 200 га яқин ўзбекистонлик ишчилар Туркиянинг банкрот деб эълон қилган қурилиш компаниясидан сўнгги икки йил давомида ишлаб топган пулларини ундириш учун ариза билан мурожаат қилган.
Тожик муҳожирлари ҳам худди шундай муаммолар гирдобида. Масалан, уларни Россиянинг қурилиш компаниялари вайрон бўлган Мариуполни тиклаш учун ишга юборган ва ваъда қилинган маошининг ярминигина берган холос.
Одамларни иммиграция мақомидан қатъи назар ҳибсга олиш
Кузатувчиларга кўра, Россия полицияси мунтазам рейдлар ўтказиб, Марказий Осиё давлатларидан келган ноқонуний муҳожирларни қўлга олади.
Бироқ, ҳозирда ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, одамларни иммиграция мақомидан қатъи назар, ҳибсга олиш ва кейин уларга Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузишни таклиф қилиш амалиёти қўлланилмоқда.
Тожикистон “Фуқаролик эркинликлари идораси” жамоат ташкилоти раҳбари Дилрабо Самадовага кўра, мамлакат расмийлари Россияда меҳнат қилаётган ўз фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун турли дипломатик усуллардан, жумладан, мавжуд ишонч телефонлари орқали маслаҳатлашувлардан фойдаланади.
Самадованинг тан олишича, бу усуллар ҳар доим ҳам самарали эмас, чунки Тожикистоннинг Россия Федерациясидаги консулликларида қўнғироқларга жавоб бермаётгани ҳақида шикоятлар келиб тушмоқда. Шунингдек, фуқаролар бўлган жойларда консуллик вакиллари келмаслигидан шикоятлар ҳам бор.
Марказий Осиё давлатлари меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини қандай ҳимоя қиляпти?
Мақолада билдирилишича, Марказий Осиё давлатлари расмийлари Россия Федерациясига борган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини фаолроқ ҳимоя қилиш ниятида.
11 август куни Тожикистон Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлиги мигрантларнинг яшаш ва меҳнат шароитларини текшириш мақсадида Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Новосибирск ва Уфа шаҳарларига тафтиш гуруҳлари жўнатилганини маълум қилган.
"24.kg" порталида келтирилишича, Қирғизистон Россиядаги дипломатик иштирокини оширмоқда. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Жеэнбек Кулубаев режалар орасида иккита янги консуллик ва еттита консуллик идораси очилиши ҳам борлигини маълум қилган. Бундан асосий мақсад Россия Федерацияси ҳудудида қирғизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришдан иборат.
Нашрга кўра, Тошкент ҳам худди шундай йўл тутган. Масалан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги яқинда Россияда хориждаги мигрантларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун мамлакатнинг бир неча янги консуллик идораларини очган.
Қўшимча консуллик идоралари Санкт-Петербург, Владивосток, Ростов-Дон, Қозон ва Екатеринбургда жойлашган. Бундан ташқари, ТИВ Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси бўйича турли идоралар фаолият юритаётганини, улар ўзбекистонликларни хорижда ишга жойлаштириш, уларга рус тили ва айрим касбларни ўргатишни ташкил этишини таъкидлаган.
Диаспора уюшмалари меҳнат муҳожирларига ёрдам беради
Ўз навбатида, мутахассислар Россияда Марказий Осиё давлатларининг кўплаб консуллик марказлари мавжудлигини қўшимча қилади. Бироқ улар консулликларнинг хатти-ҳаракатлари баъзан Марказий Осиёлик муҳожирларнинг ҳуқуқлари тўғри ҳимоя қилиниши учун етарли эмас деб ҳисоблайди.
Таҳлилчиларга кўра, COVID-19 пандемияси бошланганидан бери Россияда Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари диаспораларининг миллий бирлашмалари, жумладан, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ҳам пайдо бўлган.
LiveБарчаси