Марказий Осиё давлатлари биргаликда бренд яратмоқчи

Жамият

image

Марказий Осиё мамлакатлари “Made in Central Asia” бренди остида қўшма ишлаб чиқариш майдонларини шакллантиришни режа қиляпти. Бу ҳақда кеча, 13 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Озарбайжон ва Марказий Осиё мамлакатларининг савдо ва инвестициялар вазирлари кенгашининг биринчи йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилиш давомида Марказий Осиё мамлакатларининг савдо ва инвестиция вазирлари ўзаро савдони ривожлантириш ва саноат интеграциясини чуқурлаштиришга қаратилган комплекс чораларни муҳокама қилди. Товар айирбошлаш ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш бўйича самарали механизмларни яратиш, “Made in Central Asia” бренди остида қўшма ишлаб чиқариш майдонларини шакллантириш, шунингдек, халқаро молия институтлари ва йирик инвесторларни инфратузилма ҳамда саноат лойиҳаларига жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига кўра, мамлакатнинг Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро савдоси барқарор суръатларда ўсиб бормоқда. Агар 2017 йилда товар айирбошлаш ҳажми 3,2 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич икки баравардан кўпроққа ошиб, 6,9 млрд долларга етган. Хусусан, Қозоғистон билан савдо ҳажми 4 млрд долларга яқинлашмоқда, Қирғизистон билан 700 млн долларга, Тожикистон билан 570 млн доллардан ошган, Туркманистон билан эса сўнгги беш йилда савдо икки баравардан кўпроққа ошиб, 1,15 млрд долларга етган. Озарбайжон билан савдо айланмаси эса йил бошидан буён 13 фоизга ўсгани қайд этилди.

Йиғилиш давомида божхона ва чегара тартиб-таомилларини янада оптималлаштириш, транспорт-логистика инфратузилмасини уйғунлаштириш, ишлаб чиқариш занжирларини бирлаштира оладиган саноат хабларини яратиш зарурлиги таъкидланди. Саноат кооперациясини ривожлантириш, хомашё ва технологик имкониятларни биргаликда ўзлаштириш, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш масалалари алоҳида муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 7-Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий Осиё Made in Central Asia

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг