Марказий Африка Президенти БМТдан олмос қазиб олишга қўйилган эмбаргони бекор қилишни сўради
Олам
−
26 Сентябрь
2394Марказий Африка Республикаси Президенти Фостен-Аршанж Туадера БМТ минбаридан олмос қазиб олишга қўйилган эмбаргони бекор қилишни сўради. Бу ҳақда у бугун, 26 сентябрь куни БМТнинг 79-сессиясида сўз очди.
"Биз, албатта, “Кимберли жараёни” томонидан киритилган ва бизнинг даромадимизни чеклаган олмос қазиб олиш бўйича эмбаргони бекор қилишни муҳим деб ҳисоблаймиз… Дунё ўзгаришлари шароитида узоқ вақт орқада қолган Африка тўхтаб қолмаслиги керак, унга вето ҳуқуқини бериш зарур", деди Туадера.
Маълумот учун, МАРга олмос қазиб олиши бўйича эмбарго 2013 йилда “Кимберли жараёни” доирасида мамлакатнинг 24 та олмос қазиб олиш зонасидан 16 тасига нисбатан киритилган. Олмос қазиб олиш мамлакат учун асосий даромад манбаларидан бири бўлиб, ҳар йили тахминан 100 миллион доллар даромад келтиради.
“Кимберли жараёни” 80 дан ортиқ давлатни бирлаштиради. Ушбу ташкилотга 2000 йилда асос солинган бўлиб, “қонли олмослар”, яъни ноқонуний равишда қазиб олинган қимматбаҳо тошлар савдосидан олинган маблағлар минтақавий тўқнашувлар ва террорчилик гуруҳларини молиялаштиришга йўналтирилиши билан курашиш мақсадида ташкил қилинган. Унинг номи Жанубий Африкадаги Кимберли шаҳрида ўтказилган ташкилотнинг биринчи конференциясидан олинган.