Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди
Жамият
−
11 Сентябрь 3271 3 дақиқа
Марказий банк бошқаруви бугун, 11 сентябрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, жорий йилнинг иккинчи чорагида шаклланган иқтисодий фаоллик ва истеъмол талаби юқори суръатларининг нархларга оширувчи таъсирлари давом этган. Шу билан бирга, ўтган йилги база таъсирлари чиқиб кетиши ҳисобига август ойидан инфляция пасая бошлаган. Бошқарув инфляцион жараёнларнинг секинлашиши ва базавий инфляцияни пасаювчи траекториясида давом этишини таъминлаш мақсадида асосий ставкани ўзгаришсиз – 14 фоиз даражасида сақлаб қолган.
Қайд этилишича, август ойида умумий инфляция июлга нисбатан бироз пасайиб, йиллик ҳисобда 8,8 фоизни ташкил этган. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишининг секинлашиши ҳисобига базавий инфляция 7,6 фоизгача пасайган.
“Ялпи талабнинг юқори даражада сақланиши шароитида энергия нархлари ошишининг иккиламчи таъсирлари хизматлар инфляциясининг юқори шаклланишида намоён бўлмоқда.
Сўнгги ойларда мавсумий омиллар ҳамда алмашув курсининг барқарорлашуви ҳисобига аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмаларида пасайиш тенденцияси кузатилган бўлса-да, мазкур кутилмалар умумий инфляция даражасидан юқори бўлиб қолмоқда”, дейилади Марказий банк хабарида.
Шунингдек, 2025 йилнинг биринчи ярмида иқтисодий ўсиш 7,2 фоизгача тезлашган. Бунда хизматлар соҳасининг юқори суръатлари билан бирга саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилган.
“Трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг барқарор ўсиши, иқтисодиётда кредитлаш суръатларининг жадаллашуви, бюджет харажатларининг ўсиши ҳамда инвестицион фаолликнинг юқори бўлиши ялпи талабни фаол рағбатлантирувчи омиллардан бўлмоқда”, дейлади хабарда.
Шу билан бирга, халқаро савдодаги чекловлар ва ўзаро алоқаларга киритилган ўзгаришлар туфайли глобал инфляциянинг пасайиши кутилганидан секин кечаётгани, жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошаётганлиги ҳамда асосий савдо ҳамкор давлатлардаги инфляция даражасининг таргет кўрсаткичларидан юқори шаклланганлиги келгусида импорт инфляциясининг кучайишига олиб келиши мумкин.
Ушбу шароитларда жорий йил якунида инфляция даражаси 8,7 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.
Иқтисодиётдаги инфляцион босимни камайтириш ва ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани жорий 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг давом эттирилиши иқтисодиётда жамғариш жозибадорлигини сақлаб қолиб, кредитлаш суръатларини мақбуллаштириш ва пул бозорида ресурслар нархларини мутаносиб шакллантириш орқали ялпи талабни мувозанатлаштиришга хизмат қилади ҳамда инфляцияга монетар омилларнинг таъсирини камайтиради.
Айни пайтда, умумий инфляцияни барқарор пасайиш траекториясига ўтиши маълум вақтни талаб қилади. Нархларга оширувчи босимлар келгуси ойларда кутилганидан кўра кучайиши бўйича эҳтимоллар ва асослар юзага келган тақдирда пул-кредит шароитлари қатъийлиги қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2025 йил 23 октябрь кунига белгиланган.
Live
Барчаси