Марям Тилляева пул учун шоуда қатнашиб балога қолди (видео)
Local
−
23 June 18560 4 minutes
Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг набираси Марям Тилляева ва унинг эри Арно Косян “Пятница” телеканалидаги “Севгига пул тикиш” реалити-шоусининг янги мавсумида иштирок этди. Уларнинг шоудаги иштироки томошабинлар ва тармоқ кузатувчилари ўртасида кучли муҳокама, хейт ва норозиликларга сабаб бўлди. Шундан сўнг, Марям (Маша) Тилляева Туркияга учиб кетиши олдидан ўзининг Instagram саҳифасида хейтерларига нисбатан “илиқ” фикрларини қолдирди.
Шоу премьераси 2026 йил 15 майда бўлиб ўтганди. Шоуни кузатган томошабинлар Машани виллада ўзини ҳаддан ташқари эркатой тутишда, пулпарастликда ва рус юлдузлари билан иккиюзламачилик қилишда айблади.

Энг катта баҳслардан бири Марямнинг лойиҳага бориш мақсади ҳақидаги гаплари бўлди. Шоу давомида у бош соврин – йирик пул мукофоти учун келганини, чунки тўй харажатлари учун пул кераклигини айтди. Шунингдек, у Арно билан муносабатлари бошида қайлиғи унга “алфонс эмаслигини” исботлаш учун ўзининг бор пулини сарфлаб юборганини, ҳатто Марямнинг жамоасига ўз чўнтагидан ойлик тўлаб, бор-будидан айрилиб, хонавайрон бўлганини очиқлади. Танқидчилар у бадавлат оила вакили бўла туриб, реалити-шоуда пул ҳақида бундай гапиришини ва йигитни молиявий қийинчиликка туширганини ноўрин деб ҳисоблади.
Июнь ойидаги сонларда Марям ва таниқли рус актрисаси Анна Хилкевич ўртасидаги можаро энг юқори нуқтасига чиқди. Марям Хилкевични “иккиюзламачилик ва манипуляция” қилишда, орқадан иш тутиб бошқа иштирокчиларни Женя Ершовга қарши қайрашда айблади. Хилкевич эса буни рад этиб, Марямнинг ўзи вилладаги жамоани унга қарши қайраётганини айтди. Юлдузлар ўртасидаги бундай кескин айтишув ижтимоий тармоқларда икки томон мухлисларининг урушига айланиб кетди.

Бундан ташқари, лойиҳанинг бошқа иштирокчилари, хусусан, таниқли блогер Лоша Янгер Марямнинг вилладаги ўзини шоҳона тутишидан норози бўлди. Унинг фикрича, Марям ўзини ҳаддан ташқари эркатой тутади ва одамлар билан гўёки болалигидан бери буйруқ оҳангида гаплашишга одатланган.
Томошабинларнинг бир қисми айнан мана шу “киборларча” муносабат ва вилладаги бошқа қатнашчиларни “ёлғончилар” деб атагани учун Марямни танқид остига олди.
Шунингдек, шоунинг олтинчи сонида Марям ва Арно лойиҳадан чиқиб кетиш хавфи остида қолди, уларга қарши кўпчилик овоз берди. Бу натижани кутмаган Марям йиғлаб, хонасига қамалиб олди ва кейинги куни ўзига яқин бир-икки кишидан ташқари ҳеч ким билан гаплашмай, “бойкот” эълон қилди. Кўпчилик томошабинлар буни ўйин қоидаларини тўғри қабул қила олмаслик ва заифлик деб баҳолади.

Марям Тилляева 21 июнь куни ўзининг ижтимоий тармоғига эри билан бирга Туркияга жўнаб кетаётгани ҳақида пост жойлаб, унда уни қораловчи одамларга бир қанча юмшоқлик билан таҳдидли огоҳлантириш ҳам бериб ўтди. Унинг сўзларига кўра, шоу ва реал ҳаётнинг фарқи бор. У шунчаки ўйинда иштирок этган ва у ердаги муҳит уни руҳий тушкунликка туширган. У яна ҳеч ким уни ҳақорат қилишга хакки йўқлигини, лозим бўлса бунга қонуний жавобгарлик борлигини эслатиб ўтган. У одамларга шунчаки “бу менга ёқмади, деб айтинг, тушунаман лекин шахсий ҳаётимга аралашманг, ўз ҳаётингизда яшанг”, деган. У яна одамлар учун ижтимоий муаммо эмаслигини, агар бу ҳақида гап кетса нега Фаластиндаги хунрезликларга жим қараб турганини эслатиб ўтган.
“Шоуда иштирок этишим ҳақида изоҳ бера олмайман, чунки биринчидан, бу ҳақиқий шоу эмас, балки ташкиллаштирилган шоу, холос. Лекин сўнгги 24 соат ичида менга мингдан ортиқ ҳақорат ва таҳдидлар келди. Бу мен ҳақиқий ҳаётда ҳеч қачон эшитмаган таҳдидлар. Дўстлар, бу дунёда мендан бошқа ҳам жуда кўп муаммолар бор, ижтимоий муаммолар, иқтисодий муаммолар. Агар сиз одамларнинг фаровонлиги ва уларга бўлган муносабати ҳақида шунчалик очиқчасига гапирсангиз, унда сиз Фаластин ҳақида жим турмас эдингиз, бу дунёдаги ижтимоий муаммолар ҳақида жим турмас эдингиз. Сиз улар ҳақида гапирмадингиз, лекин шунчаки менинг саҳифамга келиб бор нафратингизни сочяпсиз. Бу нормал ҳолат эмас, бу онлайн безорилик ва бунга қарши одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонунлар бор”, дейди у.
Маша Тилляева бундан бир ой олдин Россиянинг ТНТ каналидаги “Ўйин устаси” реалити-шоусининг иккинчи мавсумида иштирок этишини маълум қилганди.
“Мен ғоялар учун курашишга ўрганиб қолганман, аммо “Ўйин устаси” бутунлай бошқача чақириқ. Бу ерда сиз бирор нарса учун эмас, балки кимгадир қарши курашасиз. Ким “Мен сиз биланман” деб айтишини ва бир соатдан кейин сизга қарши овоз беришини ҳеч қачон билмайсиз”, дейди Тилляева шоудаги иштироки ҳақида.
Бу шоу мафия ўйинига ўхшаб кетади. Унда қоидалар ва сценарийй йўқлиги билан ўзига хос характерли. Ўйинни суратга олиш ишлари Марокашда бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг кенжа қизи Лола Каримова турмуш ўртоғи Темур Тилляев билан расман ажрашганини эълон қилгани ҳақида хабар берилганди.
Live
All