Маош очиқланмайди. Каннаваро билан шартноманинг баъзи тафсилотлари маълум қилинди

Спорт

image

Аввалроқ, Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) италиялик мутахассис Фабио Каннаваро билан келишувга эришгани, 52 ёшли мутахассиснинг маоши мураббийлик харажатларини ҳисобга олган ҳолда йилига тахминан 4 миллион еврони ташкил этиши ҳақида хабарлар тарқалганди. ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бугун, 6 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида бундай хабарларни рад этди.

“Ижтимоий тармоқларда турли рақамлар тилга олинмоқда, аммо шуни очиқ айтмоқчиманки – бу миш-миш холос. ЎФА барча жараёнларни қонуний, шаффоф ва ўз имкониятлари доирасида амалга оширган. Этика нуқтаи назаридан буни очиқлаш тўғри бўлмайди”, деди Эрматов.

Шунингдек, Эрматов миллий жамоанинг барқарорлигини сақлаш учун Тимур Кападзе ёрдамчи мураббий сифатида фаолиятини давом эттиришини маълум қилди.

“Тарихий натижа қайд этиб, Жаҳон чемпионатига йўл олишимизда меҳнати сингган барча мураббийларга, хусусан, Сречко Катанец ва Тимур Кападзега чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Жаҳон чемпионати бу катта мусобақа уни бутун дунё томоша қилади ва футбол оммасининг нигоҳи Ўзбекистонга қаратилади. Шу сабабли, турнирда муносиб иштирок этиш ва мундиал ҳавосини олиб кириш учун айнан футболчи сифатида иштирок этган мутахассисни жалб қилиш кўзда тутилган эди.  ЎФА раҳбарияти ҳамда Мураббийлар кенгаши томонидан жамоамизни Жаҳон чемпионатига тайёрлаш учун италиялик мутахассис – Фабио Каннаварро бош мураббий этиб тайинланиши мақсадга мувофиқ деб топилди”, деди ЎФА вице-президенти.

Маълум қилинишича, янги бош мураббий билан  2+3 кўринишида шартнома имзоланган. Италиялик мутахассис Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи сифатида икки йил фаолият юритадиган бўлди. Агар шу давр ичида қайд этилган натижалар қониқарли бўлса, шартнома яна 3 йилга узайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси медиа департаменти раҳбари Даврон Файзиев эса ЎФА германиялик Йоахим Лёв ва португалиялик Паулу Бенту билан музокара олиб борганини тасдиқлади.


Мақола муаллифи

Теглар

ЎФА Равшан Эрматов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг