“МанСити”нинг собиқ футболчиси фаолиятини якунлади
Спорт
−
21 Ноябрь 2025 1401 2 дақиқа
Премьер-лиганинг 5 карра чемпиони, Бразилия терма жамоаси собиқ футболчиси Фернандиньо профессионал футболдан расман нафақага чиққанини эълон қилди. Бу ҳақда “bein sports” хабар берди.
40 ёшли ярим ҳимоячи футболчилик фаолиятини бошлаган клуби “Атлетико Паранаэнсе” сафида сўнгги марта майдонга тушганидан сўнг, “Арена да Байшада” ўтказилган хайрлашув учрашувида иштирок этди.
“Бугун 30 дақиқа югуришдан чарчадим. Футболда мени энди мотивация қиладиган ҳеч нарса қолмади. Мен эриша оладиган барча нарсаларга эришдим, завқланадиган ҳамма нарсадан завқ олдим. Энди оила билан вақт ўтказиш вақти келди”, дейди футболчи.
Фернандиньо Европа футболига “Шахтёр” орқали кириб келган бўлиб, Украина клубига олтита чемпионлик ва 2009 йилги Европа Лигасини қўлга киритишда ёрдам берган. Кейинчалик у “Манчестер Сити”га ўтиб, клуб тарихидаги энг муҳим футболчилардан бирига айланди.
Фернандиньо “Манчестер Сити” сафида ўтказган фаолияти давомида у 5 марта Премьер-лига, 6 марта EFL кубоги ва бошқа совринларни қўлга киритган. Фернандиньо Премьер-лигада 264 та ўйин, 20 та гол ва 19 та голли узатма билан клуб тарихида ўз ўрнига эга бўлган. Бразилия терма жамоаси сафида эса Фернандиньо 10 та Жаҳон чемпионати учрашувида иштирок этган ва 2019 йилги Копа Америкада кумуш медаль олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Интер Майами” клуби ҳимоячиси ва “Барселона” афсонаси Жорди Альба MLS мавсуми якунида профессионал футболчилик фаолиятини якунлашини маълум қилган эди.
Live
Барчаси