“Манчестер Юнайтед” яна мағлубиятга учради: АПЛда тур тафсилотлари қандай?

Спорт

image

Кеча, 21 декабрь куни Англия Примьер-лигасининг 17-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Бу турда пешқадам “Арсенал” “Эвертон” устидан кичик ҳисобда ғалаба қозонган бўлса, “Манчестер Cити” ўз майдонида “Вест Хэм”ни йирик ҳисобда мағлуб этди. Рубен Аморим шогирдлари эса “Астон Вилла”га кичик ҳисобда мағлубиятга учради.

“Борнмут” 1:1 “Бёрнли”

Учрашув қарама-қарши ҳужумларга бой бўлиб ўтди. Дастлаб Антуан Семеньонинг голи эвазига “Борнмут“ ҳисобда устунликка эришди, аммо Армандо Броянинг голи охирида “Бёрнли“га бир очко келтирди.

“Ньюкасл Юнайтед” 2:2 “Челси”

 Турнинг энг марказий учрашувида майдон эгалари ўйинни жадал бошлаб, биринчи бўлимда устунликка эришди. Иккинчи таймда эса “Челси” ташаббусни қўлга олиб, дуранг натижасига эришди.

“Манчестер Сити” 3:0 “Вест Хэм” 

Пеп Гвардиола шогирдлари тўлиқ устунлик билан “Вест Хэм”ни йирик ҳисобда мағлуб этди. Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов учрашувнинг 67-дақиқасида захирадан майдонга тушди.

“Брайтон” 0:0 “Сандерленд” 

Англия Примьер-лигасида камдан-кам кузатиладиган ҳолат содир бўлди: жамоалар голсиз дуранг қайд этди ва ҳар бири бир очкодан олди.

“Вулверхэмптон” 0:2 “Брентфорд”

 Меҳмонлар имкониятлардан самарали фойдаланиб, сафардан муҳим 3 очко қўлга киритди. Кин Уильям Луис-Поттернинг дубли “Брентфорд”га ғалабани таъминлади.

“Тоттенхэм” 1:2 “Ливерпуль” 

Лондонда турнинг марказий баҳси бўлиб ўтди. Томас Франк шогирдлари сўнги пайтларда ишончли ўйнай олмади. “Ливерпуль” учун Исак ва Экитикенинг голлари ғалабани таъминлади, “Тоттенхэм” сафидаги ягона гол Ришарлисон томонидан киритилди.

“Эвертон” 0:1 “Арсенал”

 Учрашув олдидан маълум муддатдан кейин иккинчи ўринга тушиб қолган “Арсенал“ сафарда иродали ўйин кўрсатиб, муҳим ғалабани қўлга киритди. Ўйин тақдирини Виктор Гёркерешнинг пенальтидан киритган ягона гол ҳал қилди.

“Лидс Юнайтед” 4:1 “Кристал Пэлас”

 “Лидс Юнайтед” ўз майдонида жуда самарали ўйнаб, “Кристал Пэлас”ни йирик ҳисобда мағлуб этди. Бу ғалаба билан “Лидс” турнир жадвалининг хавфли зонасидан бироз узоқлашиб, 16-ўринга кўтарилди.

“Астон Вилла” 2:1 “Манчестер Юнайтед” 

“Манчестер Юнайтед” сафарда “Астон Вилла” тўсиғидан ўта олмади. Унаи Эмери шогирдлари Морган Рожерснинг дубли эвазига кетма-кет 10-ғалабага эришди.

“Фулхэм” – “Ноттингем Форест” 

Бу учрашув 22 декабрь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган ва натижаси ҳали аниқланмаган.

Маълумот учун, якунига етган тур учрашувларидан сўнг “Арсенал” 39 очко билан турнир жадвалида етакчилик қилмоқда. “Манчестер Cити” 37 очко билан 2, “Астон Вилла” эса 36 очко билан 3-поғонада бормоқда. Навбатдаги тур учрашувлари жорий йилнинг 26 декабрь кунидан бошланади.


Мақола муаллифи

Теглар

“Арсенал” Примьер-лига “Манчестер Cити”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг