“Манчестер Сити” “Норвич”ни янчиб ташлади

Спорт

image

Бугун, 21 август куни “Манчестер Сити” Англия Премьер лигасининг 2-тур учрашувида “Норвич Сити” қабул қилиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Ўйин “Этиҳад” стадионида бўлиб ўтди.

Учрашувнинг 7-дақиқасидаёқ “Сити” ҳужум уюштирди ва рақиб жамоа посбони Тим Крул ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. 22-дақиқада Габриэль Жезус қанотдан узатган тўпни Жек Грилиш дарвозага аниқ йўллади ва ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. 

Иккинчи бўлимнинг 64-дақиқасида “Норвич” ҳимоячиларининг хатосидан унумли фойдаланган Аймерик Льяпорт жамоасининг 3-голини рақиб дарвозасига киритди. 71-дақиқада Жезуснинг узатмасидан сўнг, Раҳим Стерлинг бўш қолган дарвозага аниқ зарба йўллади. Ўйиндаги сўнгги голни Рияд Маҳрез киритди. Ушбу вазиятда ҳимоячи Рубен Диашнинг тўп оширишидан унумли фойдаланиб, жазоирлик футболчи Тим Крулни ожиз қолдирди ва якуний ҳисобни ўрнатди — 5:0. 

Учрашув шу тариқа “Манчестер Сити”нинг йирик ғалабаси билан ўз якунига етди. Ўйинни Грем Скотт бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб борди. 

Эслатиб ўтамиз, “Шаҳарликлар” биринчи турда Лондоннинг “Тоттенхэм” клубига 1:0 ҳисобида мағлуб бўлган. “Норвич” эса “Ливерпуль” билан ўйинда ўз дарвозасидан жавобсиз учта тўп олиб чиққан эди.

Маълумот ўрнида, “Манчестер Сити” ўтган мавсумда 86 очко билан чемпионликка эришган эди. “Норвич Сити” эса Чемпионшип ғолиблигини қўлга киритиб, АПЛга йўл олди.


Мақола муаллифи

Теглар

АПЛ Манчестер Сити Футбол Норвич Сити

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг