“Манчестер Сити” ҳимоячиси жароҳат олиб, сафдан чиқди
Спорт
−
22 Февраль
5092“Манчестер Сити” футболчиси Жон Стоунзнинг “Реал”га қарши ўйинда олган жароҳати жиддий бўлиб чиқди. Бу ҳақда “One football” хабар берди.
Жон Стоунз “Манчестер Сити”нинг “Реал Мадрид”га қарши Европа Чемпионлар лигаси плей-офф ўйини жавоб баҳсида 7-дақиқадаёқ жароҳат олиб, майдонни тарк этганди. Айни дамга келиб, унинг узоқ муддатга сафдан чиққани ва операция қилиниши маълум бўлди. “Шаҳарликлар” бош мураббийи Гвардиола ҳимоячининг аҳволи ва унинг “Ливерпуль”га қарши ўйинда майдонга тушиш-тушмаслиги ҳақида муносабат билдирди.
“Ҳали ҳаммаси аниқ эмас. Эртага аниқлаймиз, ҳозирча вазият қандай эканлигидан хабарим йўқ. Унга операция керакми йўқми, кейинги кунлар давомида билиб оламиз. Шуниси аниқки, у Аканжи каби узоқ муддатга сафдан чиқди”, дейди Гвардиола.
Маълумот ўрнида, ҳужумчи Эрлинг Ҳоланд ҳам ўтган ҳафтада "Ньюкасл"га қарши ўйинда (4:0) тиззасидан жароҳат олиб, "Реал"га қарши ЕЧЛ учрашувида қатнашмаганди. Норвегиялик футболчининг жисмоний ҳолати ҳақида сўралганда, Гвардиола Ҳоланднинг "Ливерпуль"га қарши ўйинда иштирок этиши сўроқ остида эканини маълум қилди.
Гвардиола шогирдлари навбатдаги баҳсни АПЛ доирасида “Ливерпуль”га қарши ўтказади. Ушбу ўйин 23 февраль куни 21:30 да старт олади.