Малайзияда қийин аҳволда қолган ўзбекистонликлар ортга қайтарилади
Жамият
−
30 Август 2700 2 дақиқа
Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Малайзияда депортация марказида сақланаётган ва мураккаб аҳволга тушиб қолган икки нафар шахс Ўзбекистонга қайтарилади. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу инсонпарварлик кўмаги мамлакатда эълон қилинган – жорий йилнинг 30 июлидан 30 августигача бўлиб ўтаётган “Ватанга қайтариш” акцияси доирасида амалга оширилган.
Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Малайзия Ички ишлар вазирлиги Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш маркази раҳбарияти билан учрашув ўтказган. Унда депортация марказидаги Фарғона вилоятида туғилган М.Ю.ни тез кунларда Ўзбекистонга қайтариш бўйича келишувга эришилган.
Ўзбекистон фуқаросининг паспорти йўқлиги сабабли унга элчихона томонидан ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштириб берилган ва унинг яқинлари кўмагида “Куала-Лумпур – Тошкент” йўналиши бўйича авиарейсга авиачипта харид қилинган.
Шунингдек, “Ватанга қайтариш” акцияси доирасида Куала-Лумпур шаҳрида мураккаб вазиятда қолиб кетган Самарқанд вилоятида туғилган фуқаро Ж.М.га ҳам кўмак берилган. Дипломатик ваколатхона Ж.М.га Малайзия ИИВ Миграция департаменти томонидан мамлакатни тарк этиш учун махсус рухсатнома олишда амалий ёрдам кўрсатган. Улар тез кунларда Ўзбекистонга қайтарилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги ваколатхонаси ҳамкорлигида Россиянинг Иркутск шаҳрида танг аҳволда қолган она ва унинг вояга етмаган фарзандининг Ўзбекистонга етиб олишига амалий ёрдам кўрсатилганди.
Live
Барчаси