Россияда қийин аҳволда қолган она-бола Ўзбекистонга қайтарилди
Жамият
−
18 Август 3019 2 дақиқа
Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги ваколатхонаси ҳамкорлигида Россиянинг Иркутск шаҳрида танг аҳволда қолган она ва унинг вояга етмаган фарзандининг Ўзбекистонга етиб олишига амалий ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишиcа, онанинг сўрови асосида унга ва фарзандига Ўзбекистонда жорий йилнинг 30 июлидан 30 августигача эълон қилинган “Ватанга қайтариш” лойиҳаси доирасида Иркутск-Тошкент йўналишидаги авиарейсга чипта олиб берилган.
Улар жорий йилнинг 15 август куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси рейси билан Ўзбекистонга кузатиб қўйилган.
Маълумот учун, 30 июль – “Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш” куни муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Бандлик вазирлиги, Миграция агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда жорий йилнинг 30 июлидан 30 августигача “Ватанга қайтариш” номли хайрия акцияси ўтказилмоқда. Акция доирасида хорижий давлатларда мушкул аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга қайтариш ва уларни самарали реинтеграция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Биринчи навбатда, Туркия, Россия, Қозоғистон, БАА, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, АҚШ ва Жанубий Кореяда депортация марказларида сақланаётган аёллар ва болалар Ўзбекистонга олиб келинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Новосибирск шаҳрида мушкул аҳволда қолган уч нафар Ўзбекистон фуқароси “Ватанга қайтариш” акцияси доирасида мамлакатга қайтарилганди.
Live
Барчаси