Мактаблар энди хавфсиз эмас: 10 яшар болага магнит юттирилди, ўлим билан қўрқитилди

3-саҳифа

Reklama
0:00

Инсон нон ютиши мумкин, мева ютиши мумкин лекин магнитни ютиш унга хос эмас. Яшнобод туманидаги  151-мактабда эса 9 ёшли болага юқори синф ўқувчилари томонидан магнит билагузук юттирилган. Бу воқеа ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг ҳайратига, ота-оналарнинг хавотирига сабаб бўлди. QALAMPIR.UZ ҳолатни батафсил ўрганиш учун воқеа жойига келди.

Биз мактаб директори ва ўқувчининг синф раҳбари билан суҳбатлашдик. Уларнинг сўзларига кўра, ҳолат жорий йилнинг 3 сентябрь куни содир бўлган ва ундан кейинги кунларда бола одатдагидек дарсга келган.

“Мазкур ҳолат 3 сентябрь куни юз берган. Ўқувчи ҳожатхонага чиқишга рухсат сўради. Бола 10 дақиқадан сўнг хотиржам ва ҳеч қандай безовталик аломатларисиз синфга қайтган ҳамда дарсларни одатдагидек давом эттирди. 4 сентябрь куни ҳам ўқувчи мактабга соғлом ва ҳеч қандай шикоятларсиз келди. Эртаси, шанба куни соат 17:00 атрофида эса, унинг онаси боланинг қорни оғриётганини маълум қилди. Шифохонада боланинг қорнида ёт жисм аниқланган. Шундан сўнг ҳолат юзасидан ариза берилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Воқеанинг қаерда, қачон ва қандай содир бўлгани тергов якунида аниқланади. Бино икки бўлимдан иборат бўлгани учун ўша пайтда бизнинг бўлимда фақат биринчи синфдан тўртинчи синфгача бўлган болалар бор эди. Яъни, бегона одамлар у ерда бўлмаган”, дейди боланинг синф раҳбари.

Мактаб директори эса воқеа ҳақида хабар топгач, ўқувчининг аҳволини билиш учун шифохонага борган. У ҳолат ҳақида шундай дейди:

“Мен касалхонага борганимда, ўша касалхонанинг шифокори Эркин ака билан боғландим. Кирганимда у боланинг аҳволи ҳақида гапириб ўтди. У операция қилингани, керак бўлса яна қайта операция қилиниши эҳтимоли борлигини айтди. Ўша вақтда шифокорлар онасига дори рецептини ёзиб берган экан, бирга дорихонага бориб, ўша керакли дориларни топиб, олиб бердик”.

151-сонли мактаб ўқувчилари эса воқеа ҳақида ижтимоий тармоқлардан хабар топганликларини, мактабда аввал бундай ҳодиса юз бермаганини айтди.
Ҳолат ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг матбуот котиби билан боғландик.

“Бу маълумот исботини топмаган, тергов жараёни давом этаётган экан, яна қайта хулоса беришади. Ҳозирда мактаб ҳовлиси, коридорларига видеокамера қўйилган. Лекин ҳожатхона тарафга қўйилмаган экан. Энди ўша тарафга ҳам камера ўрнатиш чоралари кўрилади”, деди Дилфуза Собирова.

Сўнгра Тошкент шаҳар иккинчи болалар жарроҳлик клиник шифохонасига 3-синф ўқувчисининг ҳолати қандай эканлигини билиш учун бордик. Шифокор бемор ҳолати ҳақида маълумот берди:

“Беморимиз келганда қориндаги оғриқдан, кўнгил айнишидан, бир марта қусишдан шикоят қилиб келган. Керакли даво муолажалари ўтказилган ва ингичка ичакдаги ёт жисм ташхиси қўйилган. Тегишли тайёргарликдан кейин операцияга олинган. Операция вақтида ингичка ичакда ёт жисм – магнит шарлари аниқланган. Магнит шарлари олиб ташланди, тешиклар тикилди ва каттароқ тешилган жойида ичак резекция қилиб уланди. Ҳозир бемор реанимацияда, аҳволи ўтказилган операцияга мос. Аҳволи яхшилангандан кейин шошилинч жарроҳлик бўлимига ўтказамиз”.

Биз ушбу масала юзасидан ички ишлар вазирлигига мурожаат қилганимизда улар ҳолат ҳақида ҳеч қандай маълумот тақдим этмади. Ўрганиш ишлари олиб борилаётгани, тергов якунлангач батафсил маълумот берилишини билдирди.

Жабрланувчининг онаси билан суҳбатлашганимизда фарзанди реанимацияда эканлигини айтиб, ОАВларига чиқишни истамаслигини маълум қилди. Воқеалар ривожини Qalampir.uz’да кузатиб боринг.

Жасмина Муртазоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг