Яккабоғда ўқувчиларни полга ўтқазиб, дарс ўтган ўқитувчилар жазоланди

Жамият

image

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Яккабоғ туманидаги мактабда болалар полда ўтирган ҳолда дарсда қатнашаётгани акс этган видеолавҳа тарқалганди. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мазкур ҳолатга изоҳ бериб, мактабнинг айрим ўқитувчилари атайлаб бу ишни қилишгани ҳақида айтганди.

Қашқадарё вилояти прокуратураси Яккабоғдаги мактабда содир бўлган ҳолат юзасидан ўрганиш натижаларини эълон қилди.

Маълум бўлишича, Яккабоғ тумани, “Қайроғоч” МФЙда жойлашган 39-сонли умумтаълим мактаб биноси 420 ўқувчи ўринга мўлжалланган бўлиб, 1974 йилда қурилган. Мактаб биносини таъмирлаш учун 2021 йилда 3 млрд. 102 млн. 400 минг сўм ажратилган, қурилиш-таъмирлаш ишлари “Авангард гидро-экспресс” МЧЖ томонидан олиб борилиб, жорий йилнинг 10 сентябрь куни якунланган.

Халқ таълими вазирлиги томонидан мактаб биносига қурилиш ишлари якунида 27 та синфхона учун 405 та парта, директор, унинг ўринбосари хоналарига 1 тўпламдан ҳамда ўқитувчилар хонасига 2 тўпламдан зарурий жиҳозлар етказиб берилиши белгиланган бўлиб, қурилиш ишлари якуни бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилаётгани сабабли, 8 сентябрга қадар жиҳозлар етказиб берилмаган. Шу сабабли, мактаб маъмурияти томонидан эски жиҳозлардан фойдаланиб, ўқув йили бошланган. 

Ўрганишда умумтаълим мактабига барча зарурий жиҳозлар етказиб берилиши таъминланди. Ўқитувчилар Н.С. ва О.С.нинг мактаб директори билан дарс тақсимоти масаласида юзага келган келишмовчилиги сабабли, ўқув йили бошланган кунлари мактабда мавжуд жиҳозланган хоналарда дарс ўтиш имконияти бўла туриб, мактаб маъмуриятининг ташкилий масалалардаги камчиликларини ижтимоий тармоқларда бўрттириб кўрсатиш мақсадида 5 “а”-синф ўқувчиларига парталар жойлаштирилмаган хонада дарс ўтилган.

Ўқитувчилар Н.С. ва О.С. таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига салбий таъсир кўрсатишга уринганлари учун уларга мактаб педагоглари ва касаба уюшма аъзоларининг қўшма йиғилиши қарори билан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланган.

Шунингдек, текширув натижаси бўйича мактабнинг ўқув йилига тайёргарлик кўриш ва ўқув жараёнини тўғри ташкил қилишда масъулиятсизликка йўл қўйган мактаб директори Ш.Қ., ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари А.Х. ва хўжалик мудири Ж.Ж.га нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб Яккабоғ

Баҳолаганлар

215

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг