Мактаб дарсликлари ижараси учун тўловни қайта жорий этиш режалаштирилмоқда
Жамият
−
30 Октябрь 2024 4004 2 дақиқа
Ўзбекистонда мактаб дарсликлари ижараси учун тўловларни тиклаш таклиф қилинди. Бу ҳақда 2025-2027 йилларга мўлжалланган бюджетнома лойиҳасида келтирилган.
Бюджетномага кўра, бу мактабларни дарсликлар билан таъминлашда ота-оналарнинг фаоллигини оширишга қаратилган. 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб 2-11 синф ўқувчилари учун дарслик ва машқ дафтарлари тўплами учун ижара тўлови ундириш тизимини қайта йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Қайд этилишича, 2024 йилда бир ўқувчи учун битта дарслик ва иш дафтарларининг ўртача нархи 450−500 минг сўмни (шундан машқ дафтарлари – 100-150 минг сўм) ташкил этган.
Ҳужжатни ишлаб чиққанлар битта дарслик тўплами учун 80 минг сўм, яъни унинг нархининг 16−18 фоизини ташкил этадиган миқдорда тўлов жорий этишни таклиф қилмоқда.
Йиғилган 376,6 миллиард сўм маблағ ҳар йили ўқувчиларни машқ дафтарлари билан таъминлаш харажатларининг бир қисмини қоплашга йўналтирилади.
“Дарсликлар ва машқ дафтарларининг тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан чоп этилиши ота-оналар масъулияти пасайиб кетиши ва дарсликларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда”, дейилади бюджетнома лойиҳасида.
Бундай тизим давлат бюджети юкини камайтириш, ота-оналар ва ўқувчиларнинг ўқув материалларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишини кучайтириши кутилмоқда, бу эса мутасаддиларнинг фикрича, ўқув жараёни самарадорлигини оширади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда битта дарслик (машқ дафтарлари) учун ўртача бир марталик ижара ҳақи кескин 5707 сўмга (синфга қараб ҳар тўплам учун 68,5 минг сўмдан 119,8 минг сўмгача) ёки ўтган ўқув йилига нисбатан (2740 сўм) 2,1 баробарга кескин оширилганди. Шундан сўнг Халқ таълими вазирлиги нарх жаҳон бозорида қоғоз нархининг ошиши ва мамлакатга қоғоз етказиб бериш учун транспорт харажатлари туфайли қимматлашганини қайд этганди. Янги дарсликларнинг чоп этилиш харажатларининг, хусусан дунё бозорида қоғоз нархи (фақатгина 2022 йилнинг ўзида қоғоз нархи 60-70 фоизга ошган) ва қоғозни Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича транспорт харажатларининг кескин ошиб кетиши, табиийки дарсликларни чоп этиш учун харажатларнинг ҳам ошиб кетишига олиб келган.
2022 йил 6 сентябрь куни ўша пайтдаги Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида вазир ўринбосари Темур Комилов Ўзбекистондаги давлат умумтаълим муассасалари ўқувчиларига дарсликлар фақат ўша йил бепул берилишини маълум қилганди.
Live
Барчаси