Мактаб дарсликлари ижараси нархи 108 фоизга ошди. ХТВ тушунтириш берди

Жамият 20916
image

2022-2023 ўқув йили учун  ўртача бир дона дарслик учун ижара тўлови 5 707 сўмни ташкил қилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Вазирликка кўра, жорий ўқув йилида ўртача бир дона дарслик (машқ дафтари) учун ягона ижара тўлови 5 707 сўмни ташкил этмоқда ва ўтган ўқув йилидаги миқдор (2 740 сўм)га нисбатан 2 967 сўмга (108 фоиз) ошган.

Қайд этилишича, жорий йилда Президент фармони билан умумтаълим мактабларининг 3-, 6-, 7- ва 10-синфлари учун тўлиқ, шунингдек 2- ва 3-синф учун машқ дафтарлари, барча синфлар учун инглиз тили, немис тили ва рус тили фанларидан жами 60 миллион нусха янги авлод дарсликлари (2021 йилда 25 миллион дарслик) чоп этилмоқда.

Жорий йилда янги дарсликларнинг чоп этилиш ҳаражатларининг, хусусан дунё бозорида қоғоз нархи (фақатгина 2022 йилнинг ўзида қоғоз нархи 60-70 фоизга ошган) ва қоғозни мамлакатимизга етказиб бериш бўйича транспорт ҳаражатларининг кескин ошиб кетиши, табиийки дарсликларни чоп этиш учун ҳаражатларнинг ҳам ошиб кетишига олиб келган.

“Ижара тўлови миқдорлари дарсликлар учун амалга оширилган харажатлардан келиб чиқиб, бир дона дарслик учун ягона суммасини  тўпламдаги дарслик ва машқ дафтарлари сонига кўпайтириш йўли орқали белгиланади. Бунда ягона сумма барча синф ва таълим тиллар учун бир хил этиб белгиланади.

Ижара тўлови суммасини ота-оналар дарслик тўпламини тўлиқ олгач 1 октябрга қадар амалга оширишлари мумкин”, дейилади вазирлик баёнотида.

Қуйидаги фуқаролар дарслик ижара тўловидан озод этилади:

•    биринчи синф ўқувчилари;
•    “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган оилаларнинг фарзандлари;
•    “Меҳрибонлик уй”лари тарбияланувчилари;
•    Жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари ўқувчилари.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 724
Рейтинг: 3
t
×