Макроннинг жияни намойишчилар томонидан калтакланди. Президент улар жазоланишини айтди
Олам
−
17 Май 2023
6931Франция Президенти Эммануэль Макроннинг рафиқаси Брижит Макроннинг жияни пенсия ислоҳотига норозилик билдирган намойишчилар томонидан қаттиқ калтакланди. Бу ҳақда “Euronews” нашри хабар берди.
Шу йилнинг 15 май куни Франциянинг биринчи хоними Брижит Макроннинг жияни Жан-Батист Трониер Президент Макрон сиёсатига қарши намойишчилар томонидан ҳужумга учраган.
Исландияда бўлиб ўтган Европа Кенгаши саммитида Эммануэль Макрон бу ҳужумни “қўрқоқлик, аҳмоқлик ва шафқатсизлик” деб қоралаган.
“Бу зўравонликка ҳеч қандай демократияда ўрин йўқ, айниқса бизда. Суд, шубҳасиз, ҳукм чиқариши керак. [Жабрланувчининг] амакиси сифатида мен бу хатти-ҳаракатларни номақбул деб биламан ва Республика Президенти сифатида кечирмайман”, дейди Макрон.
Айни пайтда ҳужумни уюштиришда гумонланган саккиз киши ҳибсга олинган.
Францияда пенсия ислоҳоти
Пенсия ислоҳоти Макроннинг асосий ташаббусларидан биридир. Унда 2030 йилгача эркаклар ва аёлларнинг пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга босқичма-босқич ошириш таклиф этилмоқда. Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб тўлиқ пенсия олиш учун суғурта бадалларини тўлаш, яъни 43 йил давомида расман ишлаган бўлиш керак бўлган қоида жорий этилади. Агар бундай иш стажи бўлмаса, 67 ёшда нафақага чиққандан кейин тўлиқ тўлов учун ариза бериш мумкин бўлади.
Франция ҳукумати жорий йилнинг январь ойида пенсия ислоҳоти лойиҳасини тақдим этганди. Март ойида қонун лойиҳаси аввалига парламентнинг юқори палатаси – Сенат томонидан маъқулланган, кейин эса қуйи палата – ассамблеянинг маъқуллашини четлаб ўтиб, ҳукумат томонидан қабул қилинган. Шу боис парламентда Вазирлар Маҳкамасига ишончсизлик вотуми бўйича иккита қарор илгари сурилди, бироқ уларнинг ҳеч бири керакли миқдордаги овозларни ололмади. Апрель ойида мамлакат Конституциявий кенгаши ислоҳотнинг Асосий қонунга мувофиқлигини тан олди, шундан сўнг Макрон пенсия ёшини оширишни тасдиқловчи ҳужжатни имзолади.
Французлар ислоҳотдан норозиликларини кўплаб ҳаракатларда билдирдилар. Бундай ҳаракатларнинг энг йириклари март ойида бўлиб ўтди. Масалан, 23 март куни, полиция маълумотларига кўра, намойишларда 1,1 миллионга яқин одам иштирок этган; "Умумий меҳнат конфедерацияси" касаба уюшмалари эса 3,5 миллион намойишчилар қатнашганини билдирган.
Иброҳимжон Ғаффоров
LiveБарчаси