Макроннинг расмий ташрифи сабаб Самарқандда бир неча кўча ёпилади
Олам
−
01 Ноябрь 2023
7651Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи сабаб эртага, 2 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бир неча кўчалар ёпилади. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ Матбуот котиби Жаҳонгир Саъдуллаев маълум қилди.
“Самарқанд шаҳрининг Ибн Сино, Рудакий, Бўстонсарой, Мотрид, Садриддин Айний, Шохизинда, Университет ҳиёбони, Регистон, Мирзо Улуғбек кўчаларида, шунингдек, М-39 ва М-37 автомобиль йўлларининг Самарқанд шаҳар, Самарқанд, Оқдарё ва Пайариқ туманлари ҳудудидан ўтган қисмларида автотранспорт воситаларининг ҳаракати чекланади”, дейилади Саъдуллаевнинг расмий хабарида.
Қўшимча қилинишича, ҳаракат қатнови чекланган кўчаларда беморлар ва шошилинч тез тиббий ёрдамга зарурати бор фуқароларга, шунингдек, фавқулодда вазиятлар ходимларига истисно тариқасида ҳаракатланиш учун рухсат берилади.
Вилоят ИИБ Самарқанд шаҳрига Республиканинг бошқа ҳудудларидан, ҳамда вилоятнинг шаҳар-туманларидан бораётган фуқароларга 2 ноябрь куни белгиланган режаларини бошқа кунга кўчиришни тавсия этган.
Маълумот учун, Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳозирда Қозоғистонда. У Президент Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашган. Макроннинг Қозоғистонга расмий ташрифи тугагач, у Ўзбекистонга келади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати Макрон 1-2 ноябрь кунлари мамлакатга келиши, Самарқанд шаҳрида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтишини маълум қилганди.