Макрон намойишларга парво қилмаяпти. Янги қонун йил сўнггигача кучга киради

Олам

image

Бугун, 22 март куни Франция Президенти Эммануэль Макрон маҳаллий телеканалнинг жонли эфирида чиқиш қилиб, пенсия ёшини оширадиган қонун зарурлигини ва йил охиригача у кучга киришини айтди.

“Сизнингча, бу ислоҳот менга ёқадими? Йўқ. Аммо ҳисоб-китобларни мувозанатлашнинг юзта усули мавжуд эмас... бу ислоҳот зарур”, деган Макрон.

Таъкидлаш жоизки, ҳукумат пенсия тўғрисидаги қонун лойиҳасини овоз беришсиз илгари сургунига қадар, пенсия ёшини 64 ёшга кўтаришни назарда тутувчи қонун лойиҳасига қарши касаба уюшмалари томонидан норозилик намойишлари уюштирилган, унда кўпчилик қатнашган эди. Аммо ўтган ҳафтада ҳукумат парламентдаги овоз беришни кутмасдан қонунни қабул қилишга қарор қилганидан бери Париж ва бошқа шаҳарларда намойишчилар ҳар кеча полиция билан тўқнашиб, ахлат қутилари ва баррикадаларни ёндириб юбормоқда. Хусусан, бугун, 22 март куни ҳам намойишчилар жанубий Ница ва Тулуза шаҳарларидаги темир йўл вокзалларини тўсиб қўйди. 

Сўровлар шуни кўрсатадики, французларнинг катта қисми пенсия қонунчилигига, шунингдек, ҳукуматнинг қонун лойиҳасини ўтган ҳафта овоз беришсиз парламентдан ўтказиш тўғрисидаги қарорига қарши. Касаба уюшмалари эса эртага, 23 март куни яна бир умуммиллий иш ташлаш ўтказишини эълон қилган.

“Мен Макроннинг нутқидан кўп нарса кутмайман. Биз бу қонунни хоҳламаймиз ва у қайтариб олинмагунча курашамиз”, дейди Париждаги митингда қатнашаётган нафақахўр Жак Боренстейн.

Эслатиб ўтамиз, пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ортидан нафақат Париж, балки бутун Францияда 8 марта норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Франция Президенти Эммануэль Макрон эса мамлакатда пенсия ёшини ошириш заруратини умр кўриш давомийлиги ва пенсионерлар сони ошиши билан изоҳлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Эммануэль Макрон пенсия ислоҳоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг