Маккага кириш қоидалари қатъийлаштирилди

Олам

image

Саудия Арабистони 2026 йилги Ҳаж мавсуми олдидан Макка шаҳрига кириш қоидаларини сезиларли даражада кучайтирди. Бу ҳақда “Saudi Press Agency” хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йил май ойи охирида Ҳаж мавсуми бошланади ва икки миллионга яқин зиёратчи Саудияга бориши кутилмоқда. Шу муносабат билан мамлакат Ички ишлар вазирлиги хавфсизликни таъминлаш ва зиёратни тартибли ўтказиш мақсадида бир қатор янги чекловларни жорий этди. 

Хусусан, жорий йил 13 апрелдан бошлаб Маккага кирмоқчи бўлган барча шахслар тегишли расмий идоралардан махсус рухсатнома олишлари шарт. Рухсатномасиз кириш тақиқланади. Бундан мустасно бўлган тоифалар: Макка аҳолиси, Ҳаж рухсатномасига эга зиёратчилар ҳамда муқаддас қадамжоларда ишлаш учун электрон рухсатномаси бор шахслар. Бундай рухсатномалар “Absher Individuals” платформаси ва “Muqeem” портали орқали расмийлаштирилади.

Умра визаси билан борганлар учун Саудия Арабистонидан чиқиб кетиш муддати 18 апрелгача этиб белгиланган. “Nusuk” платформаси орқали Умра рухсатномаларини бериш жорий йил 18 апрелдан 31 майгача вақтинча тўхтатилади. Бу чеклов Саудия Арабистони, Форс кўрфази давлатлари фуқаролари, резидентлар ва бошқа виза эгаларига тегишли. Шунингдек, 18 апрелдан бошлаб ҳар қандай турдаги виза эгаларига Маккага кириш ёки у ерда қолиш тақиқланади. Бундан фақат Ҳаж визаси эгалари мустасно.

Вазирлик қонунбузарларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ қатъий чоралар кўрилишини алоҳида таъкидлаган. Хусусан, рухсатсиз Ҳаж қилишга уриниш учун тахминан 5 минг доллар атрофида жарима белгиланган. Ноқонуний олиб кириш ёки ёрдам бериш ҳолатларида жарима 26 минг долларгача етиши мумкин. Шунингдек, қонунбузарлар депортация қилинади ва 10 йилгача Саудияга кириши тақиқланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам Ҳаж билан боғлиқ фирибгарлик эълонлари кўпайганидан огоҳлантирди. Расмий бўлмаган каналлар орқали амалга ошириладиган сафарлар ноқонуний ҳисобланади. Бундай ҳолатлар Мино, Арафот ва Муздалифада ибодатларни адо этиш имкониятини чеклабгина қолмай, балки депортация ва йирик миқдордаги жарималарга олиб келиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони Ҳаж Макка

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг