“Махсус кучларни жиловлаб турибман”. Жапаров бош кўтарган бозорчиларга таҳдид қилди
Олам
−
06 Декабрь 2023
17072Кеча, 5 декабрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров патент тизими бекор қилиниб, касса аппаратидан ҳисобдан ўтказиш жорий этилаётганидан норози тадбиркорлар билан учрашиш учун Бишкекдаги “Дордой” бозорига борганди. Бугун, 6 декабрь куни давлат раҳбари бозорга нима учун масъул ходим юбормасдан, шахсан ўзи намойишчилар қаршисига чиққани сабабини айтди. Бу ҳақда “Кабар” агентлигига берган интервьюсида сўз очди.
Президент Садир Жапаров бир йилдан буён бозорларга солиқ ходимларини жўнатиб келаётганини билдирган.
“Улар бу масалани халққа тўғри тушунтириш ўрнига, тескарисини қилишга чақиришди. Чунки савдогарлар касса аппаратларидан фойдаланишни бошласа, уларнинг чўнтагига пул тушиши тўхтайди. Шундай қилиб, мен ўзим бордим. Бозорларда одамлар қандай митинг ўтказаётганини кўриб, нима бўлаётгани ҳақида ишончли маълумот тўплаш учун кўрсатмалар билан ишчи гуруҳ юбордим. Вазирлар Маҳкамаси оддий халқни қийнаяптими ёки йўқми, буни шахсий манбалар орқали аниқлашни сўрадим. Мен ҳаммасини билиб, касса аппаратларини жорий этишни кечиктиришга бордим”, дейди давлат раҳбари.
Ундан кечиктириш муддати тугагандан сўнг, яъни келаси йилнинг июль ойидан назорат-касса машиналари киритиладими ёки патент тизими сақлаб қолинадими, деб сўралганда, Президент қуйидагича жавоб берди:
“Менсиз бу масала ҳал бўлмайди, шекилли. Комиссия тузиб, унинг таркибига бозор эгалари ёки контейнери бор бойларни эмас, оддий савдогарларни киритишни буюрдим. 1 июлга қадар эҳтиёткорлик билан ишлаймиз. Кейин қарор қиламиз: кассани жорий этамиз ёки бошқа йўл топамиз, лекин бир қарорга келамиз”, деган Жапаров.
Шу билан бирга, у бозорларга назорат-касса машиналарини жорий этишдан мақсад яширин иқтисодиётга қарши курашиш эканини урғулаган.
“Хитой орқали бизга келадиган товарлар ҳажми 14 миллиард долларга етади. Аммо бизнинг статистикамиз бор-йўғи 4 миллиард долларни кўрсатади. Бу ҳамма нарса яширин иқтисодиётга ўтишини англатади. Улар ҳамма нарсани улгуржи сотади, солиқ тўламайди. Фақат касса аппаратини жорий қилиш орқали биз қанча маҳсулот айланаётганини билиб оламиз. Агар патентда ўтирсак, буни 50 йил давомида кўрмаймиз”, деган Садир Жапаров.
Бундан ташқари, Президент агар одамларни митингларга чиқишга ундаш давом этса, ҳукумат уларнинг ортида турган ташкилотчилар масаласини 5 сонияга қолмай ҳал қилишини айтиб, таҳдид қилган.
“Ҳукумат топшириғига кўра, “Қумтор”даги каби бозорларга ташқи бошқарувни жорий қиламиз ва қисқа вақт ичида аудитни бошлаймиз”, деган Жапаров.
У сўзида давом этаркан, бозор эгалари, ундаги ижарага бериладиган контейнерлар хўжайинлари ва савдогарларни давлатга қарши намойишларга ундаётган тадбиркорларга коса тагида нима косали мурожаат қилиб, агар давлат ўтган йилларда яширилган тушумлар, тўланмаган солиқлар, “патент” ниқоби остидаги айланмалар, мол-мулкларни аниқлашни бошласа, ўша бош кўтараётган ёки бу ишларнинг ортида турганлар нафақат келгусидаги даромади, балки бугунгача орттирганлари ҳисобидан ҳам бадал тўлашига тўғри келади.
“Мен ҳозир хавфсизлик кучларини жиловлаб, вазиятни бу даражага етказмаяпман, чунки уларнинг барчаси бизнинг фуқароларимиз. Уларга имконият беринг, дедим. Ҳаттоки, нафақат савдогар ва тадбиркорлар, балки собиқ ва амалдаги амалдорлар ҳам ўз мулкларини қонунийлаштириши учун қонун қабул қилдик. Контейнер бозорларининг баъзи эгаларида беш ёки олтита квартира ва Lexus LX570 машинаси бор. Аммо улар бошқа одамлар номига рўйхатдан ўтказилган. Илгари биз барча мол-мулкни бошқалар номига расмийлаштирган эдик, бу сир эмас. Энди улар буни ўзлари рўйхатдан ўтказиши мумкин”, дейди давлат раҳбари.
У ҳеч ким ўз даромадини, бойлигини яширмаслиги кераклигини айтиб, ҳаммадан тегишли солиқни тўлашни сўради.
“Аммо бугун ҳеч ким ўз мулкини ошкор қилгани йўқ. Мен буни ўзим бошлашга қарор қилдим. Тез орада қанча мулким борлигини билиб оласиз”, дея қўшимча қилган Жапаров.
Маълумот учун, 2024 йил 1 январдан Қирғизистонда савдо фаолияти учун патент бекор қилиниши ва солиқ тўловларини ўзгартирилиши эълон қилингандан сўнг, маҳаллий бозор савдогарлари намойишга чиқди.
Шу мақсадда жорий йилнинг 30 ноябрь куни мамлакат пойтахтидаги “Дордой” бозори ва Ўш вилоятидаги “Қорасув” бозорида митинг бўлиб ўтди. 1 декабрда Бишкекдаги “Оламедин” бозорида ишлаётган тадбиркорлар, шунингдек, “Орто-Сай” ва “Мадина” бозорлари ишчилари митинг ўтказди. Бозорларда назорат-касса машиналаридан мажбурий фойдаланишга қарши митинглар нафақат Бишкекда, балки Ўш, Талас ва Қоракўл шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь