Magic City яна сотилди ёки шунчаки эгаси ўзгарди
Таҳлил
−
19 Март
82528 йил аввал сотилган Миллий боғ у қўлдан бу қўлга ўтмоқда. Миллий боғнинг салкам 21 гектарлик қисмини 49 йилга ижарага олган “Stargate Systems” МЧЖнинг 86,2 фоиз улуши, асосий улуши “Xonadon taomlar” дея номланувчи МЧЖга ўтказилади. Буни Рақобат қўмитаси тасдиқлаган.
“Қўмитанинг махсус комиссияси томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, мазкур битимлар бозорда рақобатга таъсир кўрсатмаслиги бўйича хулосага келинди ва аризани қаноатлантириш ва битимларга розилик бериш ҳақида қарор қабул қилинди”, дейилади идора матбуот хизмати хабарида.
Бундан 8 йил аввал пойтахтнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев боғ ҳудудида Magic City'ни ташкил этиб, сўнг уни куёвининг акасига берганди. Эндиликда компаниядаги асосий улушлар у билан битта манзилда жойлашган “Xonadon taomlar” МЧЖга ўтади.
2005 йилда рўйхатга олинган “Stargate Systems”– компанияси Чилонзор тумани Олмазор мавзеси 183А-уйда жойлашган бўлиб, 2017 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Миллий боғнинг катта қисмини 60 млн АҚШ доллари эвазига ижарага олган. Ўша вақтда “Stargate Systems” AKFA компаниялар гуруҳи таркибига кириб, пойтахтнинг ўша вақтдаги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли эди. 2020 йилда Ортиқхўжаевнинг J-United Group компанияси “Magic City” савдо белгисини рўйхатдан ўтказган.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, ўша пайти собиқ ҳоким ўз имкониятларидан фойдаланиб, халқ мулкини қўлга киритган.
“Халққа тегишли Миллий боғ ўрнида пайдо бўлган Magic City бутафорияси кимга оид бўлгани ва компаниядаги улуш сотилгани 2024 йил бошида очиқ тан олинган эди. Ўзбекистонда давлат амалдорининг давлат хизматчиси бўлган вақтда, балки чекланмаган ваколатларидан фойдаланиб, катта бизнес билан машғул бўлгани ҳеч кимни ҳайрон қолдирмаган”, деган у.
Айни шунинг учун кўп танқидларга учраган Ортиқхўжаев кейинроқ бу савдо белгиси бўйича ҳуқуқларни “Stargate Systems”га ўтказиб берганди. Ўшанда Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзи ҳам жами 7 та компаниясини сотиб юборгани, уларнинг орасида Magic City ҳам борлигини айтган.
“Туркларда бир гап бор: ўзингни йиғиштириб ол. Менинг характерим ўзимни ҳар 5 йилда йиғиштириб олишга ҳаракат қиламан. Мен 7 та компаниямни сотдим”, деганди Ортиқхўжаев Сурхондарёдаги учрашувлардан бирида.
Хўш, “Magic City”нинг янгию эски эгаси ким? Ортиқхўжаев бу боғни кимларга сотганди? Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, 2023 йилда “Stargate Systems”нинг 99 фоиз улуши “Tashkent Aquarium” МЧЖга ўтишига рухсат берилган.
“Tashkent Aquarium”нинг 100 фоизига эгалик қилувчи тадбиркор Алишер Абдувоҳидов (Президентнинг собиқ маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидовнинг ўғли, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг куёвининг акаси). У “Stargate Systems”нинг амалдаги ягона мулкдоридир. Қолаверса, унинг айни пайтда “Artel Technical School” (100 фоиз), “Qo‘shni” МЧЖ (100 фоиз), “Carstone Amusement” МЧЖ ва “Capital Dynamics”да ҳам улушлари мавжуд. Шунингдек, унга тегишли бўлган “Atlas Union“ ва “Comfortrent” каби компаниялар ҳозирда фаолият юритмаяпти.
Шундай қилиб, Алишер Абдувоҳидовнинг ўзи ҳамда тўлиқ унга тегишли бўлган “Tashkent Aquarium” айни пайтда мана шу сиз кўриб турган Миллий боғни бошқаради.
Аммо қизиқ тарафи шундаки, 2017 йилда дарахт билан қопланган Миллий боғ биз юқорида номини айтган “Stargate Systems”га сотилаётганда Вазирлар Маҳкамасининг 4 сентябрь кунги қарори билан бир қатор вазифалар зиммасига қўйилганди. Яъниким, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи базасида замонавий ва юқори технологияли маданият ва дам олиш боғи барпо этилиши, жаҳон стандартлари даражасида юқори технологияли бўлиши лозим эди.
Янги боғда дунё архитектураси дурдоналари намуналари, амфитеатр ва картографик фаввора, велосипед йўлакчаси бўлган оилавий ҳудуд, аттракционлар ва оилавий ҳордиқ чиқариш учун бошқа объектлар, йирик савдо-кўнгилочар маркази, қаср-сарой кўринишидаги тантанали маросимлар учун жой, болалар кафеси ва кўнгилочар майдонча барпо этилиши керак бўлган.
Агар сиз Magic City'га келган бўлсангиз, савдогар корхона бу талабларнинг аксариятини бажарганининг гувоҳи бўлгандирсиз.
Аммо боғда иккита “Америка тепалиги” аттракциони, иккита болалар автодроми, интерактив поезд лабиринти, томоша чархпалаги, сёрфинг учиш имкониятини берувчи денгиз тўлқинларини ҳосил қиладиган сув қурилмаси, шунингдек, тўртта ўргатилган дельфин иштирокида шоу-дастур намойиш этилувчи дельфинарий бўлиши ҳақидаги талаблар бажарилмай қолиб кетди.
Ахир давлат бу охири ўзиникига тақалган “инвестор”ни хориждан келтирилувчи қурилиш материаллари, ускуналар, техникалар, аттракционлар, аудио ва видеоқурилмалар, дельфинлар, қушлар, балиқлар ва ўсимликлар учун божхона тўловларидан ҳам озод қилиб қўйганди.
Нега бу ваъдаларнинг устидан чиқмади Ортиқхўжаев, ёки унинг куёвининг акаси? Буни Ортиқхўжаев шундай изоҳлашни маъқул кўрган:
“Тўғрисини айтаман, муаммо кўп – ижарачилар бор, мингта одам келади. Фантан отилади, сольют отилади. Уларга кўп вақт ажратиш керак. Лекин менинг бошқа ғояларим ҳам бор. Менга бу ишлар оғирлик қилгани учун ҳам шу ерда ишлаган, бошидан бери, яъни қурилишидан бирга юрган жамоамдаги менежерларга сотдим. “Менинг банкдан мана шунча қарзим бор, шуни тўлаб қўясанми? Беш-ўн йил тўлайсан, кейин ўзингга қолади боғ”, дедим. Олди”.
Ортиқхўжаев Доҳага борганида у ердаги аквапарк ҳақида гапириб, икки йил ичида ундан ҳам яхши паркни Тошкент ёки Тошкент атрофига қура олишини, аммо танқидчи журналист ва блогерлар сабаб у бу ишни қилмаганини айтган.
Араз-араз ўз йўлига, аммо ваъда ваъда-да. Нега 21 гектарлик ер, Миллий боғ қасрли дўконлар мажмуасига айландию, у ерда қад ростлаши керак бўлган қимматбаҳо хориж аттракционларидан асар йўқ? Энди бу юки оғир вазифани ким зиммасига олади? “Xonadon taomlar” МЧЖ розими бунга? Буни иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам танқид остига олган.
“Албатта, бу битим ортидан Magic City операторининг реал бенефициарлари яна ўзгармоқдами ёки йўқми, чуқурроқ ўрганишсиз бир нима дейиш қийин.
Лекин аниқки, 8 йил аввал давлатдан Миллий боғнинг қарийб 21 гектарини олиб, эгаллаган ва қатор мажбуриятлар олган инвестор энди бутунлай бошқа. Де юре ва де факто бошқа инвестор. Биринчи "инвестор" отнинг устида бўлиб улушини сотди, кетди, кейин иккинчиси келди, энди балки учинчиси. Табиийки, савол туғилади, давлат билан хусусий шериклик ёки бошқа мақомда битим тузилганда битим тузган субъектнинг бенефициари, акциядори, улушдори ўзгармаслиги ёки давлатнинг розилиги қоидаси бўлиши керак эмасми? Узоққа бормайлик, оддий кредит ёки қарз ажратилаётганда ҳам қарздорнинг таъсисчилари ёки акциядорларни кредиторнинг розилигисиз ўзгартирилмаслиги талаби “темир қоида” ҳисобланади. Ўзбекистонда "хусусийлаштириш"дан тортиб "давлат хусусий шериклик" дейилган янги кўзбўямачиликларгача триллионлаб қийматдаги активлар билан битим тузилаётганда эса давлатнинг, демакки, халқнинг оддий манфаатлари мантиғи унутиб қолдирилади. Ҳеч бўлмаганда, таъсисчи, акциядор ўзгариши билан аввалбошда келишилган имтиёз ва преференциялар бекор бўлиши ёки янги музокаралар асосида тўловлар кўриб чиқилиши тамойиллари амал қилмайди.
Рақобат қўмитаси шунақа “қўшилиш ва сотилиш” битимларига рухсат беришда, вақти-вақти билан шу ҳимоя мантиғини ёдга солиб турса бўларди”.
Хўш, “Xonadon taomlar” МЖЧ кимга тегишли? Корхона 2023 йил 27 декабрда давлат рўйхатидан ўтказилган. Ва ўзи 86,2 фоизлик улушини қўлга киритган “Stargate Systems” билан битта манзилда жойлашган (Чилонзор тумани Олмазор мавзеси 183А-уй). Компаниянинг юридик манзили, реестрда қайд этилган телефон рақами ва электрон почта манзили эса яна айланиб ўргилиб Ортиқхўжаевнинг куёвининг акасига тегишли “Tashkent Aquarium” билан айни ўхшаш.
Фаолият тури сифатида ресторанлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиш хизматлари кўрсатилган. Устав фонди – 50 млн сўм. Раҳбар сифатида Бекзод Музаффарович Абдумажидов кўрсатилган.
МЧЖнинг ягона таъсисчиси – Фирдавс Файзуллоевич Муҳаммадиев. У 2023 йил 27 декабрда рўйхатга олинган бошқа бир компания – чакана савдо билан шуғулланувчи, юқоридаги манзилда жойлашган “Magic Stop”нинг ҳам 100 фоизлик таъсисчиси ҳам.
Хуллас, тагини суриштирсанг, сотган ҳам, олган ҳам бир манзилга, бир шахс томонга элтмоқда. Унда олди-берди қилишнинг нима керакги бор? Ҳа, энди нима дейсиз? Бу ер Ўзбекистон-ку.
LiveБарчаси