Мадуро Президент сифатида сўнгги кунларини яшамоқда – Трамп

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп АҚШ-Венесуэла уруши эҳтимолини шубҳа остига олди, аммо Президент Николас Мадуронинг мамлакат раҳбари сифатидаги кунлари саноқли қолганини айтди. Бу ҳақда у кеча, 2 ноябрь куни CBS News нашрига берган интервьюсида сўз очди.

Икки мамлакат ўртасида ҳарбий ҳаракатлар эҳтимоли ҳақида сўралганда, Оқ уй раҳбари буни инкор этган. 

“Мен бунга шубҳа қиламан. Менимча, ундай эмас. Лекин улар бизга жуда ёмон муносабатда бўлишди, нафақат гиёҳванд моддалар билан – улар биз хоҳламаган юз минглаб одамларни мамлакатимизга олиб киришди”, дея таъкидлаган Оқ уй раҳбари. 

Шунингдек, Мадуро яқинда ҳозирги лавозимини тарк этадими ёки йўқми, деган саволга ҳеч икикиланишсиз “ҳа” дея жавоб берган. 

“Мадуро Президент сифатидаги сўнгги кунларини яшамоқда”, деган Трамп. 

2025 йил сентябрь ойининг бошидан бери АҚШ ҳарбий кемалари Венесуэла гиёҳванд моддалар картеллари билан боғлиқ деб ҳисоблаган халқаро сувлардаги кемаларга бир неча бор зарба берди. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар гиёҳванд моддалар савдогарларига қарши курашни эълон қилиб, Венесуэла қирғоқлари яқинида бир гуруҳ кичик ҳарбий кемаларни ва Пуэрто-Рикода қирувчи самолётларни жойлаштирди.

Сентябрь ойи ўрталарида Каракас Венесуэла ҳудудий сувларида “Кариб денгизи суверенитети 200” деб номланган ҳарбий машқлар ўтказди. ОАВ 7 октябрь куни Трамп Венесуэла билан муносабатларни тартибга солиш уринишларидан воз кечгани ҳақида хабар берди. Маълумотларга кўра, АҚШ можарони авж олдириш учун бир нечта сценарийларни ишлаб чиққан, жумладан, Мадурони ҳокимиятдан мажбуран четлатиш режасини ҳам. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Николас Мадуро АҚШнинг Кариб минтақасидаги ҳарбий фаоллиги ортидан Россия раҳбари Владимир Путинга мурожаат қилиб, мамлакатга ракеталар, радарлар ва модернизация қилинган самолётлар етказиб беришни сўраганди. Венесуэла, шунингдек, Хитой ва Эронга ҳам мурожаат қилган. Мадуоро Хитой раҳбари Си Цзиньпинга йўллаган хатида икки давлат ўртасида “ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш”ни сўраб, бу “АҚШ ва Венесуэла ўртасидаги кескинликка жавоб чораси” эканини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Венесуэла Дональд Трамп Николас Мадуро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг