Мадриддан кетиб, “кетмони учмаганлар”
Спорт
−
04 Февраль 17338 3 дақиқа
“Реал Мадрид” кўпчилик элита футболчилар учун энг юқори манзил ҳисобланади ва “Бернабеу”ни тарк этганидан кейин улар фаолиятидаги кескин пасайишга дуч келади. Мадрид клуби Испания ва Европани забт этиш учун турли даврларда таркибини машҳур футболчилар билан тўлдирган.
Бугун биз “қироллик клуби”да жаҳон даражасидаги футболчига айланиб, жамоани тарк этгандан кейин даражасини тушириб қўйган футболчилар ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Роналдо Назарио

Бразилия футболи афсонаси Роналдо 2002-2006 йиллар оралиғида Мадрид клубида ҳар мавсумда тўпурарлар қаторида бўлган ва фаолиятидаги энг зўр даврларини ўтказган. Шундан кейин Роналдо мураббий Фабио Капелло билан жанжаллашиб қолади ва 2007 йил январида “Милан”га ўтиб кетади.
Айтиш мумкинки, Роналдо Испанияни тарк этишдан олдинроқ фаолиятида пасайиш кузатилган. Аммо “Милан” сафида 20 та ўйинда 9 та гол урган футболчи кетма-кет жароҳатлар сабаб даражасини йўқотди. Роналдо 2009 йилга келиб Бразилияга қайтди ва фаолиятини “Коринтианс” клубида давом эттирди.
Каземиро

Каземиро 2015 йилда Мадрид клубига келиб қўшилди ва жамоанинг эришган совринларида ўзининг катта ҳиссасини қўшди. У “Реал Мадрид” сафида жамоадошлари Лука Модрич ва Тони Кроос билан биргаликда Европанинг энг яхши ярим ҳимоя учлигидан бирига айланди. 2022 йилда 30 ёшли футболчи 50 миллион евро эвазига “Манчестер Юнайтед”га кўчиб ўтади ва “Олд Траффорд”даги илк мавсумдаёқ жамоага мослаша олмади. Айни дамга келиб, Каземиро “Манчестер Юнайтед”ни тарк этишга яқин турибди.
Фернандо Редондо

Таянч ярим ҳимоячиси 1984 йилда “Реал” таркибига келиб қўшилади. Клубда 6 мавсум фаолият олиб боради. Бу орада у клуб билан икки карра Ла Лига ва Чемпионлар лигасида ғолиб бўлган. 2000 йилда Редондо “Милан”га кўчиб ўтади. Тиззасидан олган даҳшатли жароҳати сабаб, у “россонерилар” таркибидаги дебюти кечикди. 2002 ва 2004 йиллар оралиғида 33 та ўйинда майдонга тушди.
Майкл Оуэн

“Ливерпуль” сафидаги сермаҳсуллик сабаб Оуэн 2004 йилда Флорентино Перес қураётган “Галактикос” таркибига эга “Реал Мадрид” сафига келиб қўшилди. 1 мавсум клуб таркибида фаолият олиб борган ҳужумчи 36 та ўйинда майдонга тушиб, 13 та гол урди. 2005 йилга келиб у Мадридни тарк этади ва “Ньюкасл” таркибига бориб қўшилади. Жароҳатлар унинг фаолиятига катта тўсқинлик қилди.
Давор Шукер

Хорватиялик ҳужумчи 1996 йилда “Севилья”дан олиб келинган. Шукер жамоа таркибида Рауль ва Миятовичлар билан бирга даҳшатли ҳужум триосини ташкил қилди. Футболчи клубдаги 3 йиллик фаолияти давомида 109 та ўйинда майдонга тушиб, 49 та гол урди ва Ла Лига ҳамда Чемпионлар лигасида зафар қучди. Францияда бўлиб ўтган 1998 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатида “Олтин бутса” соҳиби бўлган Шукер ўз авлодининг энг машҳур ҳужумчиларидан бири ҳисобланади. Аммо унинг “Реал Мадрид”дан кейинги “Арсенал”, “Вест Хэм” ва “Мюнхен 1860” клубларидаги фаолияти муваффақиятсиз ўтган.
Фернандо Морьиентес

Морьиентес 1997 йилда “Реал Мадрид” сафига келиб қўшилган ва 2003 йилда “Монако”га ижарага берилган. 2004 йилда Мадридга қайтган Морьиентес ўзини яхши кўрсата олди. 18 ой давомида барча мусобақаларда 60 та ўйинда майдонга тушиб, 12 та гол уришга муваффақ бўлди. 2005 йилнинг январида “Ливерпуль” футболчини 6,3 миллион фунт-стерлингга сотиб олди. Англиядаги 1 йиллик фаолиятдан кейин у 2006-2007 йилги мавсумни “Валенсия” таркибида ўтказиб, 9 та гол уришга муваффақ бўлди. 2010 йилда эса у футболчилик фаолиятини якунлади.
Live
Барчаси