Маданият вазирлигида 12 млрд сўм бюджет пули талон-торож қилинган – Норбоева
Жамият
−
19 Декабрь 2020
6992Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева 9 ойда Республикадаги дават ташкилотларида учраган давлат бюджети маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари ҳақида маълумот берди.
“Бюджет ижросига қараб ислоҳотларнинг қандай кечаётганини билиб олиш мумкин. Тўғри, бу йил осон бўлмади. Шунга қарамасдан 9 ой давомида кўп иш қилинган. Бироқ муаммолар ҳам етарли. Айниқса, маҳаллий бюджетлар билан боғлиқ тизимли муаммоларнинг сақланиб қолаётгани ҳудудлар палатаси сифатида бизни ташвишлантириши табиий. Хусусан, маҳаллий бюджетларда ҳосил бўлган қўшимча маблағларнинг 10 фоизини жамоатчилик таклифларига кўра йўналтиришнинг самарали, очиқ ва шаффоф тизимини яратишга эҳтиёж бор. Умуман, маҳаллий бюджетларга қўшимча манбанинг аниқланиши ва сарфланиши масалаларини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ”, деди Норбоева.
Сенат раиси Тошкент вилоятида маҳаллий бюджетлар қўшимча даромадлари ҳисобидан 146,5 млрд сўмлик хато ва камчиликларни аниқланганини таъкидлади.
“Хабарингиз бор, биз шу йилнинг октябрь ойида Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида маҳаллий бюджетлар қўшимча даромадлари ҳисобидан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳолатини ўргандик. 146,5 млрд сўмлик хато ва камчиликларни аниқладик. Қурилишда қарийб 8 млрд сўмлик харажатлар ортиқча ва юқори нархларда киритилган. Бажарилмаган ишлар учун 1 млрд 600 млн. сўмлик харажатлар қўшиб ёзилган”, дейди у.
Танзила Норбоева сўзида давом этар экан, Бош прокуратура берган маълумотларга кўра, 9 ой давомида бюджет маблағларини талон-тарож қилиш билан боғлиқ 764 та қонун бузилиши ҳолати аниқланганини, хусусан Маданият вазирлигида амалда етказиб берилмаган маҳсулотлар, бажарилмаган ишлар ва кўрсатилмаган хизматлар учун 12 млрд сўм бюджет маблағи талон-торож қилинганини маълум қилди.
“Ёки Бош прокуратура берган маълумотларга кўра, 9 ой давомида бюджет маблағларини талон-тарож қилиш билан боғлиқ 764 та қонун бузилиши ҳолати, жумладан, 468 та жиноят аниқланган. Етказилган зарар қарийб 220 млрд сўм. Аксарият қонун бузилиши ҳолатлари таълим тизимида кузатилган. Тизимда умуман ишламайдиган одамларга йиллар давомида ойлик ёзиб келинган.
Вазирликлар ва ҳокимликларда ҳам аҳвол шу. Маданият вазирлигида амалда етказиб берилмаган маҳсулотлар, бажарилмаган ишлар ва кўрсатилмаган хизматлар учун 12 млрд сўм бюджет маблағи талон-торож қилинган. Биз, “моддий-маданий мерос объектларига қаранглар, маданият марказлари хароб аҳволда”, десак пул йўқ дейишади. Амалда эса аҳвол мана бундай”, дейди Танзила Норбоева.
Сенат раиси ушбу жиноятларга жавобгарлик муқаррарлигини айтиб, қонунбузилиш ҳолатларига шароит яратиб бераётган омилларни санади.
“Албатта, жавобгарлик муқаррар, ундан қочиб кетиб бўлмайди. Муаммо, бунга шароит яратиб бераётган омиллар: очиқлик таъминланмаган, масъулият йўқ, назорат суст! Тизим раҳбарлари бу хусусида бош қотиришлари шарт. Акс ҳолда, бу каби ҳолатлар ҳали-бери тугамайди”, дейди Норбоева.
LiveБарчаси