Маҳалла ходимларига ҳам ўқишга киришда имтиёз берилади
Жамият
−
09 Январь 2021
5544Ўзбекистонда маҳалла ходимлари ҳам тавсиянома асосида ўқишга имтиёзли қабул қилинади. Бу ҳақда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарорида сўз боради.
Қарорга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб педагогика ва молия-иқтисод соҳаларидаги олий таълим муассасаларида “5520100 – Ижтимоий иш (фаолиятнинг турли соҳалари бўйича)” бакалавриат таълим йўналиши бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун сиртқи таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизими жорий этилади.
Мазкур сиртқи таълим шакли доирасида:
- ўқитиш тўлов-контракт асосида ташкил этилади;
- кадрлар тайёрлаш бўйича малака талаблари, ўқув режалари, фан дастурларини ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Миллий университети таянч ОТМ ҳисобланади;
- Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан берилган тавсияномага эга бўлган ҳамда кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари талабаликка тавсия этилади;
- тасвиянома асосида ўқиётган талабалар ўқишини бошқа бакалавриат таълим йўналишига кўчиришга рухсат берилмайди.
Тавсияномалар, жумладан, қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:
- эгаллаб турган лавозимида сўнгги бир йил давомида фаолият юритаётгани;
- маҳалла тизимида камида уч йиллик иш стажига эга бўлгани;
- фаолият юритаётган фуқаролар йиғини рейтинг кўрсаткичи бўйича “намунали” деб топилгани.
LiveБарчаси