Мьянма кўкнори етиштиришда Афғонистондан ўзиб кетди
Олам
−
03 Декабрь 2025 5663 2 дақиқа
Сўнгги 10 йил ичида Мьянма кўкнори етиштириш бўйича энг юқори кўрсаткичга эришди. Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган героин Ғарб бозорларига йўл олмоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига таяниб, “France 24” хабар берди.
3 ноябрь куни эълон қилинган БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) ҳисоботида айтилишича, бу йил Мьянмада 53 минг гектардан ортиқ майдонда кўкнори экилган. Бу 2015 йилдан буён кузатилган энг йирик майдон.
UNODC'нинг йиллик афюн бўйича тадқиқотида таъкидланишича, Афғонистонда репрессиялар кучайганидан сўнг “Жануби-Шарқий Осиёда ишлаб чиқарилган героин илгари ушбу минтақадан таъминланмаган бозорларга чиқаётган белгилар” кўринмоқда.
Ҳисоботга кўра, 2024 йил ва 2025 йил бошларида Таиланддан Европа Иттифоқига йўл олган авиайўловчилардан Мьянмага тегишли бўлиши мумкин бўлган 60 килограмм (132 фунт) героин мусодара қилинган.
UNODC, шунингдек, беқарорлик ва хавфсизлик муаммолари фермерларни кўкнори етиштиришга мажбур қилаётгани, бироқ “можароларнинг кучайиши далаларни парвариш қилишни қийинлаштираётгани”ни қайд этади.
Бангкокдаги матбуот анжуманида UNODC бош таҳлилчиси Иншик Сим гиёҳванд моддалар иқтисодиёт учун икки томонлама роль ўйнашини айтди.
Унинг сўзларига кўра, уруш шароитида кўкнори етиштириш фермерлар ва қуролли гуруҳлар учун даромад манбаи бўлиб қолмоқда. Бироқ можаро ишчи кучининг етишмаслиги ва ўғитга киришнинг чекланиши туфайли етиштириш жараёнини ҳам издан чиқариши мумкин.
2024 йилдан буён кўкнори етиштириладиган майдонлар 17 фоизга кенгайган бўлса-да, ҳисоботда бу йилги ҳосил деярли ўзгармай, 1000 тонна атрофида бўлгани қайд этилган.
Маълумот ўрнида, Мьянма давлати ноқонуний қазиб олиш, интернет фирибгарлиги, метамфетамин ва героин ишлаб чиқариш каби қора бозор фаолиятининг асосий марказига айланган. Мамлакат кўп йиллардан бери дунёдаги энг йирик кўкнори етиштирувчилардан бири бўлиб, 2022 йилда “Толибон” Афғонистондаги савдони чеклаганидан буён биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон кўкнори етиштиришни қайта тикламоқчилиги ҳақида хабар берилганди. Қайд этилишича, Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати кўкнори экишни тақиқлаганидан сўнг, Эрон ҳаётий муҳим оғриқ қолдирувчи воситалар ишлаб чиқариш учун хомашё танқислигига дуч келган. Энди мамлакат ҳукумати сўнгги ўн йилликларда илк бор қонуний тарзда “опий” ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025