Эрон кўкнори етиштиришни қайта тикламоқчи – FT

Олам

image

Эрон оғриқ қолдирувчи дорилар учун хомашё танқислиги фонида қонуний равишда кўкнори етиштиришни қайта тикламоқчи. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.

Қайд этилишича, Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати кўкнори экишни тақиқлаганидан сўнг, Эрон ҳаётий муҳим оғриқ қолдирувчи воситалар ишлаб чиқариш учун хомашё танқислигига дуч келган. Энди мамлакат ҳукумати сўнгги ўн йилликларда илк бор қонуний тарзда “опий” ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Маҳаллий фармацевтика компаниялари йиллар давомида Афғонистондан мусодара қилинган препаратлардан фойдаланиб келган. Аммо 2022 йилда киритилган тақиқдан кейин улар деярли қолмаган. Агар 2021 йилда 750 тонна шундай дори воситаси мусодара қилинган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич атиги 200 тоннани ташкил этган. Оқибатда морфин, кодеин ва бошқа дори воситалари ишлаб чиқариш хавф остида қолган, беморларни даволаш имкони кескин камайган.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Муҳаммад Хошимий давлат ўз эҳтиёжлари учун етарли миқдорда кўкнори экишни, зарурат туғилганда эса БМТ назорати остида экспорт қилишни ҳам режалаштираётганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, “қонуний ишлаб чиқариш – узоқ муддатли барқарорликни таъминлашнинг ягона йўли.”

Наркотиклар билан кураш бўйича бошқарманинг собиқ раҳбари Саид Сефатиан Эроннинг иқлими кўкнори учун жуда қулайлигини, бу экин кам сув талаб қилишини таъкидлаган. У мамлакат ўз эҳтиёжларини тўлиқ қондира олиши ва БМТ назорати остида бошқа давлатларга ҳам ёрдам бериши мумкинлигига ишонч билдирган.

Шу билан бирга, қўшни Покистонда “Толибон” тақиқи акс таъсир кўрсатган. Мамлакат ноқонуний “опий” ишлаб чиқаришда етакчилардан бирига айланган.

Маълумот учун, Эрон 1979 йилги инқилобдан кейин кўкнори етиштиришни тўхтатган ва шундан бери давлат асосан Афғонистон наркотиклари учун транзит ҳудуд бўлиб қолган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йил бошида “Толибон” муваққат ҳукумати матбуот котиби Забиҳулло Мужоҳид мамлакатда наркотик ишлаб чиқариш ва унинг ноқонуний савдоси ноль даражага етказилганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Эрон кўкнори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг