“Толибон” наркотик устидан ғалаба қозонганини эълон қилди

Олам

image

Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати матбуот котиби Забиҳулло Мужоҳид мамлакатда наркотик ишлаб чиқариш ва унинг ноқонуний савдоси ноль даражага етказилганини маълум қилди. Бу ҳақда “Tolo News” хабар берди.

“Биз барча турдаги наркотик моддалар контрабандасининг олдини оляпмиз. Афғонистонда уларнинг ишлаб чиқарилиши бутунлай тугатилган. Гиёҳванд моддалар етиштириш ва ноқонуний айланиши деярли нолга тушди”, деди Мужоҳид.

Унинг сўзларига кўра, бу шуни англатадики, агар илгари мамлакатда гиёҳванд моддалар контрабандасига оид муаммо бўлган бўлса, ҳозирда у “табиий равишда ўз якунига етмоқда”.

Бунга жавобан Эрон Ички ишлар вазири ўринбосари Али Акбар Пуржамшидиян Эроннинг шарқий чегараларида, яъни Покистон ва Афғонистон билан чегарадош ҳудудларда гиёҳванд моддалар савдоси ва хавфсизлик муаммолари ошганини таъкидлаб, хавотир билдирган. Унинг айтишича, Афғонистонда ҳануз катта миқдорда гиёҳванд моддалар захиралари мавжуд.

“Гарчи Афғонистон раҳбарияти гиёҳванд моддалар етиштириш ва кўкнорини экишни тақиқлаган бўлса ҳам биз Афғонистонда катта миқдорда наркотик моддалар захиралари мавжудлигига ишонамиз. Улар шарқий чегаралар орқали Эронга олиб ўтилмоқда. Бу эса бизнинг чегара хавфсизлигимизга, миллий хавфсизлигимизга ва ижтимоий барқарорлигимизга таъсир қилмоқда”, деди Пуржамшидиян.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон”нинг наркотик моддалар билан кураш бўлими вакили Абдул Раҳмон Қосимий мамлакат аҳолисининг камида 10 фоизи гиёҳвандликдан азият чекаётганини билдирган эди. Қосимийнинг сўзларига кўра, Афғонистонда гиёҳванд одамларга ёрдам бериш бўйича даволаш дастури амалга оширилмоқда ва унинг натижалари умидбахш. Хусусан, сўнгги бир йил ичида ёрдам сўраб мурожаат қилган 100 минг кишидан 95 фоизи соғайишга муваффақ бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон наркотик “Толибон”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг