Лукашенко 31 украиналикни афв этди

Олам

image

Беларуслик Александр Лукашенко 31 нафар Украина фуқаросини афв этди. Бу ҳақда бугун, 22 ноябрь куни сиёсатчининг матбуот котиби Наталья Эйсмонт хабар берди.

Унинг айтишича, қарор АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Лукашенко ўртасидаги келишувлар доирасида, шунингдек, “Украина томонининг илтимоси асосида – Россиянинг Украинага қарши урушида келишувга эришиш учун шарт-шароит яратиш мақсадида” қабул қилинган.

“Ҳозир, айнан шу дақиқаларда, улар Украина томонига топширилмоқда”, деди Эйсмонт БелТА агентлигига.

Унинг сўзларига кўра, Лукашенко “минтақада вазиятни барқарорлаштириш”, “барча давлатлар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш” ва “барча баҳсли масалаларни фақат тинч йўл билан ҳал этиш” тарафдори ҳисобланади. 

“Турли давлатлар, аввало, Америка Қўшма Штатлари билан музокаралар ҳозир фаол фазада”, дея қўшимча қилди у.

20 ноябрь куни икки католик руҳоний – Генрих Околотович ва Анджей Юхневич қамоқдан афв этилиб озод қилингани маълум бўлган эди.

Беларусь католик епископлари конференцияси хабарига кўра, уларнинг озод этилиши октябрь ойида Беларусга Рим папаси Лев XIV’нинг юқори вакили, кардинал Клаудио Гуджеротти ташрифи ва унда эришилган келишувлар натижаси бўлган.

Околотович Воложин шаҳрида хизмат қилган, у “Польша ва Ватикан фойдасига жосуслик қилиш” ҳамда ҳарбий характердаги махфий маълумотларни етказишда айбланган. У айбловларни инкор этган ва “жиноят ишида ҳақиқатга мос келадиган бирор факт йўқ, айблов сохта, таҳдид ва шантажга қурилган”, деган. Околотович 2024 йил декабрида 11 йил озодликдан маҳрум қилинган эди.

Иккинчи афв этилган руҳоний Юхневич аввал Шумилаинода хизмат қилган. Дастлаб уни “давлатга зарар етказувчи диверсия фаолияти”да гумон қилишган, аммо кейинчалик вояга етмаган шахс билан жинсий муносабатда бўлганликда айбланиб, ёпиқ судда 13 йилга ҳукм қилинган. У ҳам айбини тан олмаган.

Беларусь ҳуқуқ ҳимоячилари ҳар икки афв этилган католик руҳонийни сиёсий маҳбус деб эълон қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Беларусь Александр Лукашенко

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг