Лондонда эронлик журналист пичоқлаб кетилди
Олам
−
31 Март
5460Эрон ҳукуматини узоқ вақтдан бери танқид қилиб келаётган форс журналисти Поурия Зераати Лондондаги уйи олдида пичоқлаб кетилди. Бу ҳақда у фаолият юритган "Iran International" нашри хабар берди.
Қайд этилишича, 29 март куни 30 ёшлар атрофидаги номаълум эркак Зераатининг оёғига пичоқ билан жароҳат етказган. Шифохонага ётқизилган журналистнинг ҳолати ҳозирда барқарор экани айтилмоқда.
Лондон Метрополитен полициясининг терроризмга қарши кураш бўлими раҳбари Доминик Мёрфининг айтишича, расмийлар Зераатий фаолият юритувчи нашрга қарши йўналтирилган кўплаб таҳдидлар ва ҳужум билан боғлиқ барча тафсилотларни ўрганиб чиқмоқда. Тергов ишлари бошлаб юборилган.
Полиция баёнотида сўнгги икки йил ичида Буюк Британияда эронликларга қарши кўплаб ўғирлаш ва суиқасдга уринишларга урғу берилган. Форс тилидаги ёки Эронга алоқадор оммавий ахборот воситаларига хавфсизлик бўйича кўрсатилаётган ёрдам ҳам қайд этилган.
Қотилликка уриниш айблови билан уч киши гумонланмоқда, бироқ уларнинг шахси ҳали аниқланмаган. Журналистнинг эслаши бўйича, бир киши у билан гаплашмоқчи бўлганида, иккинчиси орқасидан пичоқ урган. Шундан сўнг икки гумонланувчи таксига ўтириб қочиб кетган, ҳайдовчи учинчи гумонланувчи экани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Эронда “номақбул” ҳижоб кийгани сабаб ҳибсга олинган ва қамоқхонада вафот этган 22 ёшли Маҳса Амини ҳақида ёзган мақоласи сабаб 2023 йилда Нилуфар Ҳамдий ва Элах Муҳаммадий исмли журналистлар қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15