Лола янги клипини сиёсийлаштирмасликка чақирди

Маданият-санъат

image

Бир неча кун аввал “Ниҳол” мукофоти совриндори Лола Йўлдошеванинг клипи ижтимоий тармоқларни портлатган эди. Кўп вақт ижоддан узилган хонанда “Севгингни айт менга” қўшиғи ва унга ишланган клип билан қайтиш қилди. Эътиборлиси шундаки, клип шунчаки шоу-бизнеснинг навбатдаги маҳсули эмас, балки сўз эркинлиги, бюрократия ва жамиятдаги тақиқларга қарши бойкот сифатида қабул қилинди. 

Кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ва ўзбек жамиятидаги айрим ҳолатларни ўзида акс эттирган ушбу видеоклип ҳақида Лола Йўлдошева ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида шундай дейди:

“Мен ижодкорман. Мен санъат билан шуғулланаман, санъат эса ҳаётнинг кўзгуси. Мен ўз ижодимда турли мавзуларни кўтараман: ижтимоий, ҳаётий, баъзан кундалик турмуш, ва буни ростгўйлик билан бажаришга ҳаракат қиламан.

Биз ўзгаришлар даврида яшаяпмиз, одамлар ниҳоят эркин нафас олиб, 5 йил олдин, ҳатто, ўйлашга қўрқилган мавзулар бўйича ўз фикрларини очиқчасига ифода эта оладилар.

Бу сафар биз сатирик видео тайёрладик, унда ҳазил ва шама билан ижоддаги чекловлар ва бюрократия мавзусига тўхталдик.

Мен санъат одамиман ва шунинг учун бундай провокацияларга фақат ягона шарҳ беришим мумкин: Мен Ўзбекистон фуқаросиман, ўз Ватанимни севаман, унинг одамларини яхши кўраман ва қилган барча ҳаракатларим менинг севгим ва унинг келажагига бефарқ эмасликнинг ифодасидир!"

Маълумот ўрнида, мазкур клип давлат идоралари раҳбарларигача етиб борган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова куни кеча ўтган матбуот анжуманида ушбу клип ҳақида фикрини билдирган.

"Куни кеча Лола Йўлдошеванинг клипи чиқди. У "Ўзбекконцерт"нинг лицензия олиб, бериш тартибини балки тўғри танқид қилгандир. Лекин атласни масхарабоз кийими қилгани, маънавият сўзини ўйинчоқ қилиб қўйгани — бу йигирма бешинчи кадр. Афсуски, буни яна ижтимоий тармоқда кўпчилик қўллаб-қувватлаган. Ана шундай ҳолатларда бошланғич ташкилотларнинг фаол бўлиши эса жуда ҳам муҳим", деган хотин-қизлар етакчиси. 


Мақола муаллифи

Теглар

Лола Йўлдошева

Баҳолаганлар

178

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг