Менда набирангизнинг митти юраги уриб турибди – Лола Йўлдошева
Маданият-санъат
−
03 Апрель 2020
39839Хабарингиз бор, жорий йилнинг 30 март куни “Tarona records” компанияси таъсисчиси, ўзбек шоу-бизнеси ва продюсерлик мактаби асосчиси Равшан Йўлдошев оламдан кўз юмди. У 90-йиллар ўрталарида мамлакатда янги санъаткорлар, бастакор ва шоирлар, шоу-бизнес оламининг илғор вакилларини етиштириб чиқарган “Tarona” компаниясига тамал тошини қўйган эди.
Кейинроқ, Равшан Йўлдошевнинг тўнғич фарзанди Лола Йўлдошева ҳам санъат йўлини танлади.
Агар Равшан Йўлдошев ҳаёт бўлганда кеча, 2 апрель куни 59 ёшни қаршилаган бўлар эди. Унинг қизи Лола Йўлдошева ижтимоий тармоқдаги саҳифаси отасини қуйидагича хотирлади.
“Менинг энг меҳрибон, энг яхши, энг ақлли, энг севимли отажоним! Энди ҳеч қачон сизни кўрмаслигимга, маслаҳатингизни олмаслигимга, овозингизни эшитмаслигимга, кўришганимизда икки марта ўпмаслигимга ва ниҳоят, ижод масаласида баҳслашиб, ўзимнинг навбатдаги ишим учун сиздан мақтов эшитмаслигимга ишониш жуда қийин. Отажон, бизнинг алоқамиз ҳеч қачон узилмаслигини биламан, энди бу мулоқот бошқача, янги энергетик босқичда бўлади. Мен буни биламан ва ҳис қиламан.
Менда набирангизнинг митти юраги уриб турибди, сизнинг бир парчангиз. Худо уни менга бу йўқотишга чидашим ва янги ҳаёт учун кучли бўлишим учун ҳадя қилди. У, албатта, бобоси билан фахрланади. Меҳрибон, ақлли, ажойиб инсон бўлгани учунгина эмас, бетакрор ижодкор, тарих яратган, бир неча авлод етишиб чиққан Ўзбекистон замонавий эстрада мусиқаси асосчиси сифатида фахрланади. Туғилган кунингиз билан, ота. Менинг қаҳрамоним, сизни чексиз яхши кўраман. Барчага ҳамдардлик сўзлари учун раҳмат”, деб ёзади Лола Йўлдошева.
Маълумот ўрнида, Равшан Йўлдошев 1961 йилнинг 2 апрель куни Хоразм вилоятида таваллуд топган. Ёшлигидан Ички ишлар идоралари ходими бўлишни ният қилган Йўлдошев 1985 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаб, ўша йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тергов бошқармаси терговчиси сифатида иш фаолиятини бошлаган. 1997 йилнинг июль ойидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги Тергов бошқармаси Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб, 2002 йилнинг 1 апрель куни шахсий илтимосига кўра Ички ишлар идораларидан Қуролли кучлар заҳирасига бўшатилган. Хизмат фаолияти давомида 12 марта рағбатлантирилган.
Равшан Йўлдошев уч қиз ва икки ўғилнинг отаси эди.
LiveБарчаси