Логопед Дилором Жабборовага нисбатан жиноят иши очилди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда логопед Дилором Жабборованинг дудуқланишдан азият чекаётган болани сўкиниш орқали ҳамда қўрқитиш усулида “даволаётгани” акс этган видео тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган, ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланганди. Эндиликда мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.

Билдирилишича, Юнусобод тумани ИИО ТБ олиб борган терговга қадар текширув материаллари Юнусобод тумани прокуратураси томонидан назорат доирасида ўрганилиб, экспертлар ишчи гуруҳи хулосаси ва аниқланган бошқа ҳолатлар асосида, Жабборованинг ҳаракатларида алдаш ва одамларни ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ва унинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишда ифодаланган жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланган ва жорий йилнинг 27 февраль куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда Юнусобод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Болалар омбудсмани логопед Дилором Жабборованинг иш услубига илмий ва касбий баҳо бериш учун сўров киритган. Шу асосда малакали дефектолог ва логопедлардан иборат ишчи гуруҳ ўтказган ўрганиш натижасида Жабборованинг иш усули мутлақо илмий асосланмаган, мураккаб дудуқланиш муаммосига тор ва ибтидоий ёндашувда экани, унинг дудуқланишни бартараф этишда қўллаётган руҳий ва жисмоний зўравонлик усуллари болаларнинг соғлиғи ва тарбиясига жиддий зарар келтириши ҳамда педагогика қоидаларига бутунлай зидлиги тўғрисида хулоса берилган.

Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтаи назаридан мазкур иш бўйича ўз кузатувини давом эттиришини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг