Логистика харажатларини компенсация қилишга 100 млн доллар ажратилади
Жамият
−
18 Август 2023
2651Логистика харажатларини компенсация қилишга қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади. Бу ҳақда Президентнинг тадбиркорлар билан бўлиб ўтаётган очиқ мулоқотида маълум қилинди.
Президент ушбу йиғилишда янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот олиб кириш масаласига тўхталди.
“Бир нарсани тўғри тушуниш керак. Биз айрим мамлакатлар каби нефть-газ ресурсларини сотиш ҳисобига юқори иқтисодий ўсишни таъминлай олмаймиз. Бизнинг “нефтимиз” ҳам, “газимиз” ҳам бу – сиз каби ташаббускор ва ишбилармон тадбиркорлар хом ашёдан яратаётган юқори қийматли ва сифатли маҳсулотлардир”, дейди давлат раҳбари.
Маҳсулотлар ташқи бозорларда сифатли, талабгорлиги юқори ва рақобатбардош бўлиши учун ишлаб чиқаришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиб, кескин ўсишга эришиш зарурлиги таъкидланган.
Маълум қилинишича, халқаро майдондаги вазият ҳисобига логистика харажатлари 3-4 баравар ошиб кетганини ҳисобга олиб, давлат экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни изчил давом эттиради. Улар учун молиявий имкониятлар янада кенгайтирилади.
Логистика харажатларини компенсация қилишга қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади. Шунингдек, маҳсулотларни хорижда сертификатлаш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва бу борада мутахассис тайёрлашга яна 25 миллион доллар ажратилади.
“Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури жорий йилда ҳам давом эттирилади ва дастур билан қамраб олинадиган корхоналар сони 500 тага етказилади. Улар учун дастурдаги барча имтиёзлар давом эттирилади.
LiveБарчаси